Гулнора Каримова судда яна судда ютиб чиқди ва энди у 300 миллион долларни қайтариб олиш имкониятига эга бўлди

Гулнора Каримова. Tatler.ru сайти фотосурати

Жиноят ишлари бўйича Беллинцона (Швейцария) федерал суди Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага 293 миллион долларни қайтаришга ёрдам берадиган қарор чиқарди, деб ёзади RTS.ch.

Судда таъкидланганидек, айблов Гулнора Каримованинг Ўзбекистон телекоммуникация бозорига таъсири бўлган давлат амалдори эканидан келиб чиққан. «Давлат амалдори ролини бундай кенг талқин қилиб бўлмайди», дейди Беллинцона суди Каримова адвокатларининг апелляцияси юзасидан қарор чиқараркан.

Каримовани давлат амалдори сифатида қўриб бўлмайди, у айбланаётган коррупция ва пул ювиш ҳақидаги айбловлар асоссиз, дея тушунтирди суд.

«Шундай қилиб, 293 миллион долларни мусодара қилиш бекор қилинди», — дейди Гулнора Каримованинг адвокати Грегуар Манжа.

Таъкидлаш жоиз, Bloomberg нашри 293 миллион Швейцария франкини долларга айлантириб, тахминан 303 миллион доллар деб ёзади, бироқ аввали 293 миллион долларга тенг бўлган 270 миллион Швейцария франки ҳақида хабар берилган эди.

Бу Гулнора Каримова адвокатларининг Швейцария судларидаги биринчи ғалабаси эмас. 2020 йил декабрь ойи бошида Швейцария апелляция суди Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant компаниясининг қонуний эгаси бўлганлиги ҳақидаги даъвосини қаноатлантирди, унинг маблағлари 2018 йили тергов томонидан Швейцария банкидаги ҳисоб рақамида музлатиб қўйилганди.

Орадан бир йил ўтиб Швейцария федерал жиноий суди музлатилган маблағлардан тахминан 70 миллион долларни Takilantга қайтаришни буюрди: тергов бу активлар жиноят натижасида қўлга киритилганлигини аниқлай олмади. Суд хулосасига кўра, ушбу маблағнинг салмоқли қисми – 293 миллион доллардан ортиғи мусодара қилиниши керак, зеро ишда иштирок этган бир неча шахс, жумладан Гулнора Каримованинг ўзи ва унинг ёрдамчиси оғирлаштирилган ҳолатларда жиноий даромадларни легаллаштиришда айбдор деб топилган.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги зудлик билан Takilant активларини қайтариб олишнинг иложи йўқлигини, чунки АҚШ расмийлари уларни ҳибсга олиш учун судга даъво ва ордер юборганини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг марҳум президентининг тўнғич қизига нисбатан тергов АҚШ ва Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари расмийлари уни пул ювиш ва ўта йирик миқдорда пора олишда айблаганидан кўп ўтмай бошланган эди. Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига катта миқдорда пулларни ноқонуний равишда олишдан иборат эди. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган. 2018 йили Швейцария Каримовани айбдор деб топди ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрди.

2020 йил май ойида Франция Каримованинг 10 миллион доллар миқдоридаги активларини Ўзбекистонга қайтарди. Ўша йилнинг сентябрь ойида Швейцария Ўзбекистон билан тузилмавий битим имзолади ва унга кўра Гулнора Каримова ҳисоб рақамларидаги 131 миллион долларни Ўзбекистон томонига қайтаради.

Ўзбекистонда Гулнора Каримовага нисбатан давлат маблағларини ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга оид икки жиноий иш очилган. 2015 йили Ўзбекистон суди Каримовани беш йилга, 2017 йили эса 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. 2018 йили иккинчи иш бўйича озодликдан маҳрум қилиш муддати беш йил озодликни чеклаш билан алмаштирилди. 2020 йил март ойида Каримова жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланган учинчи жиноий иш доирасида 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон ва Швейцария Каримова, унинг шериклари мол-мулкларини Ўзбекистонга йўналтирадиган БМТнинг кўп томонли траст фондини тузишга келишиб олди. Келгусида бу маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ), жумладан, қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, сифатли таълим, гендер тенглиги, тоза сув ва санитария, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш ва бошқаларга йўналтирилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ