Самарқанд Регистонидаги Улуғбек мадрасаси ҳовлисида «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI Халқаро конгрессининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Маросим доирасида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти аъзолари томонидан Республика президенти Шавкат Мирзиёев номига мурожаат йўлланди. Бу ҳақда «Фарғона» мухбири Александр Троицкий хабар беради.
Президентга мурожаат жамият таҳририяти томонидан ёзилган декларация шаклида тайёрланган. Декларация матнини жамият бошқаруви аъзоси, Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти директори Ирина Попова ўқиб берди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамиятининг VI Халқаро конгресси декларацияси:
«Биз, VI Халқаро Конгресс иштирокчилари, кейинги йилларда Ўзбекистонда маданий меросни қўллаб-қувватлаш, асраб-авайлаш ва ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, фан ва маданият соҳасида чуқур ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлаймиз. Янги Ўзбекистон улкан меросга, юксак илмий салоҳиятга эга давлат сифатида халқаро майдонда ўз мавқеини жадал мустаҳкамлаб бормоқда.
Бевосита Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда Янги Уйғониш даври пойдевори қўйилаётгани маънавий-маърифий соҳада туб ўзгаришларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Гуманитар фан ва маданият соҳасида кенг кўламли тадбирлар ташкил этилмоқда ва ўтказилмоқда, 2017-2027 йилларга мўлжалланган давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича 10 йиллик Давлат дастури қабул қилинди. Бунга ёрқин мисол, биргина жорий йилнинг ўзида Самарқандда 7 та янги музей ташкил этилади.
Парижда бўлиб ўтган Бош Ассамблея 8-сессиясида Ўзбекистоннинг ЮНEСКО номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш қўмитасига аъзо этиб сайлангани мамлакатимизнинг ўтган асрлардаги ноёб маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг муҳим эътирофи бўлди. «Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги конвенцияга аъзо давлатларнинг.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг олти йиллик фаолияти давомида «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» халқаро туркумнинг 60 жилди нашр этилди.
«Ўзбекистон маданияти ва фани олимлар ижодида» туркумлари бўйича ишлар давом эттирилиб, 60 дан ортиқ фильм суратга олинди, Ўзбекистонда ва хорижда кўплаб медиа-форумлар ўтказилди. Олимлар ўртасида самарали мулоқотни таъминловчи ушбу самарали ҳаракат дастурини Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати, Eriell Group тимсолида ижтимоий масъулиятли бизнес ва қатор халқаро гуманитар ташкилотлар кўмагисиз амалга ошириб бўлмас эди.
Самарқанд шаҳрида 2022 йил 22 июлдан 24 июлга қадар бўлиб ўтган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти VI Халқаро конгресси дунёнинг 32 давлатидан 350 нафар иштирокчини бирлаштирган ҳолда илм-фан оламида муҳим воқелик бўлди. 100 дан ортиқ маърузалар ўқилди, давра суҳбатлари, сессиялар ўтказилди. Лойиҳа географияси тобора кенгайиб бораётганини таъкидлаймиз. VI конгресс ишида Марказий Осиёнинг деярли барча давлатларидан олимлар илк бор иштирок этдилар.
Биз Ўзбекистон ҳукуматининг мазкур туркум дастлабки 35 жилдини нашр этиш ва уни Ўзбекистоннинг барча таълим муассасаларига тарқатиш ташаббусини олқишлаймиз. Бу ёш авлод маънавиятини юксалтиришда муҳим қадам ҳисобланади, бошқа давлатлар учун ёрқин намуна мисолидир.
Шу билан бирга, биз Жаҳон жамияти томонидан нашр этилаётган китобларга дунёда қизиқиш юқори экани ва улар энг йирик илмий муассасалар, кутубхоналар ва музейларда тарқатилаётганидан далолат берамиз.
Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматига маданият, гуманитар фанларни ривожлантириш, Ўзбекистон халқининг маданий меросини асраб-авайлаш йўлидаги доимий мадади учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз».
Жамиятнинг 22-24 июль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган VI Халқаро конгрессида 250 дан ортиқ дунёга машҳур шарқшунос олимлар иштирок этдилар. Улар орасида 33 нафар таниқли халқаро музей директори, 15 нафар миллий музей директори, 15 нафардан ортиқ академик, 20 нафардан ортиқ профессор, 20 нафардан ортиқ фан докторлари бор эди.