Фуқаро шахсини аниқлашда у ички ишлар бўлимига олиб кетилмайди

OZODLIK.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

2023 йил 1 январдан бошлаб босқичма-босқич «Е-патруль» тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Барча маълумотлар онлайн текширилади, патруль ходимларининг фаолияти эса бодикамера орқали қайд этилади, деб хабар беради Norma.uz.

Янги норма ички ишлар органлари патрул хизмати бўлинмалари ходимлари томонидан жамоат жойларида фуқароларни электрон идентификациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда назарда тутилган, уни Ўзбекистон ҳукумати 22 июлда тасдиқлаган.

Қуйидаги ҳолларда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш ёки “Е-патруль” тизими орқали шахсни аниқлаш мумкин:

▶️ шахс жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилиш учун асослар мавжуд бўлганда;

▶️ шахсни содир этилган жиноят ёки маъмурий хуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлганда;

▶️ қонунчиликка мувофиқ шахсни ушлаб туриш учун бошқа қонуний асослар мавжуд бўлганда.

Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда шахсига аниқлик киритиш учун ички ишлар органларига олиб борилади:

▶️ унинг шахсини онлайн аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда;

▶️ қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланган ҳолларда;

▶️ шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатган ҳолларда;

▶️ жамоат жойларида хуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланган ҳолларда.

Тўхтатилган шахс билан суҳбат, шунингдек, патрул ходимининг барча фаолияти иш сменасининг бутун даври давомида ёниқ бўлган боди камерага ёзиб олинади.

Бундан олдин Ўзбекистон расмийлари инсон юзини таниб оладиган камералар билан сунъий интеллект тизими кенг жорий этилгани, бу жиноятни аниқлашни яхшилаши ҳақида хабар берганди. Тизим сунъий интеллект ёрдамида фото ва видеомаълумотларни таҳлил қилади ва одамлар юзларини таниб олади, сўнгра танланган юз тасвирини биометрик маълумотлар базасидаги тасвирлар билан солиштиради ва таҳлил натижаларини базага ёзади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ