Россия президентининг махсус вакили БМТнинг Афғонистон бўйича вакили нутқидан ғазабланди

Замир Кабулов. РФ ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили Маркус Потцелнинг Афғонистон Марказий банки бошқарувига доир чиқишига норозилик билдирди. Бу ҳақда Тошкентдан «Фарғона» мухбири хабар берди.

Потцел Тошкентда бўлиб ўтаётган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистон Марказий банкининг шаффоф фаолияти учун шарт-шароит яратиш зарурлигини таъкидлади. У банкнинг халқаро бошқарувини зарур шаффофлик омилларидан бири деб атади. «Бу халқаро ҳамжамиятнинг фикри», — деди Потцел.

Ўз навбатида, Кабулов Потцел «халқаро ҳамжамиятнинг ғарбий қисми» нуқтаи назарини ифодалаётганини айтди. Унга кўра, Афғонистон Марказий банкига афғон раҳбарлик қилиши керак.

Кабулов, шунингдек, конференцияда сўзга чиққан «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Амир Хон Муттакининг Америка банкларида жойлаштирилган ва АҚШ томонидан блокланган 7 миллиард долларлик афғон активларини сўзсиз эркин қилиш лозимлигига доир талабини қўллаб-қувватлади.

25-26 июль кунлари «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Тошкентда илк бор Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, Америка, Яқин ва Ўрта Шарқ, Осиё-Тинч океани минтақасининг 20 дан ортиқ давлатларидан Афғонистон бўйича махсус вакиллар Афғонистон масаласини ҳал қилишда бевосита иштирок этмоқдалар. Анжуманда Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси, шунингдек, БМТ, Европа Иттифоқи, БМТТД, ЭКО, ИҲТ, ШҲТ каби ўнлаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, экспертлар, олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ