Ўзбекистон Бош прокуратураси мутасадди идоралар билан биргаликда республика сузиш федерациясига ажратилган умумий қиймати 98,15 минг доллар бўлган бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш билан боғлиқ иккита ҳолатни аниқлади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беради.
Ўрганишда, Федерация мансабдор шахслари ва бошқалар мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жуда кўп миқдорда жамият манфаатига зарар етказишган.
Биринчи ҳолатда, терма жамоа ва унинг захирасига киритилмаган спортчи Россиянинг Волгоград шаҳрида бўлиб ўтган халқаро йиғинларга юборилган. Бунинг учун 72 миллион сўм (6,6 минг доллар) сарфланган.
Иккинчи ҳолатда, 2021 йил охирида маълум бир «Д» масъулияти чекланган жамияти томонидан 287 нафар спортчига 1 миллиард сўм (91,55 минг доллар) миқдорида меҳмонхона хизматлари кўрсатилганлиги тўғрисида уларнинг ҳисоб-фактураларига ёлғон маълумотлар киритилган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бу сузиш федерациясидаги биринчи жанжал эмас. 2021 йили Федерация раҳбарияти Токио Олимпиадасига йўлланма олиш учун ўзбекистонлик спортчиларнинг натижаларини сохталаштиришда айбланган эди. Натижада ташкилот бош котиби Алишер Ғаниев ишдан четлатилганди.
2007 йилдан буён Ўзбекистон сузиш федерациясига Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, халқ депутатлари Тошкент ва Навоий вилоятлари Кенгашлари депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Қувондиқ Санақулов раҳбарлик қилади.
Бош прокуратуранинг шахсан Санақуловга нисбатан даъвоси борми-йўқми, бунга аниқлик киритилмаган.