Қорақалпоғистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари Аманбай Ўринбоев янги лавозимга тайинлангани муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Ўринбоев республика Ички ишлар вазирлигига раҳбар этиб тайинланганидан тўрт ой ўтиб ишдан бўшатилди. Истеъфо сабаблари аниқланмаган. Энди у Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг экология ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимини эгаллайди.
Аманбай Ўринбоев Республика Ички ишлар вазирлигига раҳбар этиб тайинлангунига қадар турли вақтларда Республика ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари, Нукус шаҳар ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган. Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармасининг ишлар ва пробация хизмати бошлиғи бўлган.
Таъкидлаш жоиз, Қорақалпоғистон Бош прокурори Фарҳат Алламбергенов ҳам лавозимидан маҳрум бўлди ва унинг ўрнига 2016-2017 йиллари ушбу лавозимда ишлаб келган Эркабай Тожиев тайинланди.
Истеъфолар июль ойи бошида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеалардан кейин юз берди. Ўзбекистон Конституциясига Қорақалпоғистон суверенитетидан маҳрум этишни назарда тутувчи ўзгартириш киритишга уринишларга қарши тинч митинглар оммавий тартибсизликларга айланиб кетди. Расмий маълумотларга кўра, 1—2 июль воқеалари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар ҳам яраланган. 3 июлдан 2 августгача суверен республикада фавқулодда ҳолат жорий этилди.
Намойишлар Ўзбекистон президенти Нукусга келиб, Ўзбекистон Конституциясига мазкур ўзгартиришлар киритилмаслигини маълум қилганидан сўнг тинчиди. Конституцияга киритилган ўзгартиришлар лойиҳасини умумхалқ муҳокамаси муддати яна ўн кунга — 15 июлга, кейин эса 1 августга қадар узайтирилди. Фавқулодда ҳолат муддатидан олдин — 21 июлдан бекор қилинди.