Ўзбекистон ҳукумати ғўза парвариши ва аномал жазирама шароитида ҳосилдорликни таъминлаш учун «долзарб 30 кунлик» эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда ўтган йилларда Ўзбекистонда бу йил ёздагидек ғайритабиий юқори ҳарорат кузатилмагани таъкидланди. Кун давомида термометр 43 даражадан юқори бўлади, кечалари ҳарорат ҳам меъёрдан ошмоқда.
Июнь ойида Президент ҳузурида ташкил этилган Пахтачилик кенгаши раиси, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов соҳада вазият жиддий ёмонлашганини таъкидлади. Бир қанча вилоятлар далаларида бўлган кенгаш аъзолари уруғлик пахта экилган майдонларда кўчат тиғизлиги меъёрга нисбатан 35-40 фоизга ошириб юборилганини аниқлаган. Айрим далаларда ғўзанинг тепасида ҳосил деярли йўқ, пастида эса 2-3 та кўсак бор, холос. Зарарли ҳашарот ва касаллик турлари ҳам кўпайган.
Президент Шавкат Мирзиёев барча имкониятларни сафарбар этиш, ҳосилни тежашни талаб қилди. Уруғчилик, нав танлаш, ўғитлаш, суғориш ва зараркунандаларга қарши курашиш илмий ёндашувларга асосланиши зарурлиги таъкидланди.
«Иқлим ўзгариши келгусида ҳам салбий таъсир кўрсатишини ҳисобга олиб, иш тутишимиз керак. Бу масалага илмий ёндашиш шарт», – деди Шавкат Мирзиёев.
«Долзарб 30 кунлик» доирасида кластерлар ва фермерлар далаларига илмий ечимлар ва инновацияларни тушунтириш учун мутахассислар юборилади.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида, аҳоли бандлигини таъминлашда пахтачилик алоҳида ўрин тутади. Биринчи президен Ислом Каримов даврида бу стратегик соҳа ҳисобланиб, ҳар йили турли соҳалардаги юз минглаб одамлар мажбурий равишда пахта теримига сафарбар қилинарди. Шавкат Мирзиёев даврида пахтачиликнинг ўрни пасайиб кетди, аммо муҳимлигича қолмоқда.
Бугун Ўзбекистон расмийлари аввалгидек пахта хомашёсини сотишдан эмас, ундан ишлаб чиқарилган қўшимча қийматли маҳсулотларни экспорт қилишдан даромад топишга интилмоқда. Пахтачиликда кластер тизими жорий этилди, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди. Сўнгги уч йилда соҳани қўллаб-қувватлашга 23 триллион сўмдан ортиқ (2 миллиард доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилди, кластерларнинг ўзлари қарийб 7 триллион сўм (636 миллион доллардан ортиқ) хусусий инвестиция киритдилар.
Агар 2017 йили мамлакатда пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил этмоқда. Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш беш баробар, экспорт ҳажми тўрт баробарга ошиб, қарийб 3 миллиард долларга ўсди.