2022 йилнинг 6 ойи давомида Республика бўйича жами 1 429 та жиноят иши бўйича 1 785 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда республика Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар беради.
Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 13 нафари республика, 195 нафари вилоят ва 1 577 нафари туман — шаҳар миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 1 210 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон — торож қилиш, 158 нафари мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, 129 нафари фирибгарлик, 74 нафари порахўрлик, 22 нафари мансаб сохтакорлиги, 15 нафари мансабга совуққонлик қараш, 7 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ва 170 нафари бошқа жиноятларни содир этишган.
Улар томонидан етказилган зарар 668,2 миллиард сўмни (60,9 миллион доллар) ташкил этади. Ундан 599,1 миллиард сўм (54,6 миллион доллар) қопланган.
Ўтган йилнинг шу даврида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 2544 нафар мансабдор шахсга нисбатан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича 1676 та жиноят иши тергов қилиниб, судга юборилган. Айбланувчиларнинг аксарияти – 1297 нафари (51 фоизи) Жиноят кодексининг 167-моддаси («Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш»)да назарда тутилган жиноятларни содир этган мансабдор шахслардир.
Коррупцияга йўл қўйган мансабдор шахсларнинг энг кўп сони – 107 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, иккинчи ўринда – 74 нафари – Халқ таълими вазирлиги, учинчи ўринда – 66 нафари – давлат корхоналари раҳбарияти ходимлари ўртасида аниқланган. Рўйхатда банклар, бошқа вазирлик, идора ва қўмиталар вакиллари ҳам бор.
Суд муҳокамаси натижаларига кўра, коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича 2021 йилнинг биринчи ярмида кўрилган моддий зарар 592,5 миллиард сўмни (ўша давр курси бўйича 55,6 миллион доллар) ташкил этгани аниқланди.
Бутун 2020 йил давомида 1723 нафар шахсга нисбатан «коррупцияга» доир иш қўзғатилган.