Ўзбекистондаги бир қатор тижорат банклари халқаро карталардан чет эл валютасини ечиб олиш учун вақтинча комиссия жорий қилди. Бу ҳақда Spot.uz хабар беради.
Улар орасида «Ипак йўли» банк (1 фоизли комиссия), «Капиталбанк» (0,7 фоиз), «Асакабанк» (0,5 фоиз), «Агробанк» (0,5 фоиз), «Ипотека-банк» (0,5) ва бошқалар бор.
Баъзи банклар ўз мижозларига бошқа кредит ташкилотларининг карталари учун 1,5% миқдорида комиссия белгилаб, чет эл валютасини бепул ечиб олиш имконини беради. Бундай қарор Халқ банки, «Ҳамкорбанк», «Микрокредитбанк», Asia Alliance Bank томонидан қабул қилинган.
Банкларда комиссиялар жорий этилишининг сабаби нақд валюта операцияларини тартибга солишдан иборат.
Март ойида Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов мамлакатда нақд доллар ёки евро тақчиллиги кузатилаётгани ҳақида хабар берганди. «Тижорат банклари ички бозорда нақд хорижий валютанинг мўл-кўллигини таъминламоқда. Мавжуд захиралар уч-тўрт ой ичида биржа операцияларига бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириши мумкин», — дея ишонтирди Марказий банк раҳбари.
Унинг эслатишича, жисмоний шахслар 100 миллион сўмдан (9 минг долларга яқин) кўп бўлмаган нақд хорижий валютани Ўзбекистондан олиб чиқиб кетишлари мумкин. Юридик шахсларга нақд хорижий валютани мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланади. Ушбу талаблар норезидентларга ҳам тегишли.
«Нақд хорижий валюта билан операцияларни амалга оширишга қўшимча талаблар ёки чекловлар жорий этиш режалаштирилмаган», — дея қўшимча қилди Нурматов.