Кинорежиссёр Тимур Бекмамбетов «Қирқ-қиз» қорақалпоқ достони мавзусидаги лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга розилик берди. Ўзбекистон Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов «Фарғона» нашрига берган интервьюсида шу ҳақда сўз юритди.
Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, режиссёр жорий йил июль ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори» VI халқаро конгрессига ташрифи чоғида лойиҳада иштирок этишга роўилик берган.
«Конгрессга ташриф буюрган режиссёр Тимур Бекмамбетов билан «Қирқ-қиз» қорақалпоқ достони мавзусидаги лойиҳани амалга ошириш борасида келишиб олдик», – дейди Абдухолиқов.
Қирқ қиз — қорақалпоқ достони бўлиб, бахши Қурбонбой Тожибоев ижросидан ёзиб олинлган. «Қирқ-қиз»да қаҳрамон қиз Гулойим ва унинг қирқ нафар дугонаси, жангчи аёлар, шунингдек унинг суюкли ёри Арслон қалмоқ хони Суртайший ва Эрон ҳукмдори Нодиршоҳ қўшинларига қарши жанг қилади. Хоразмни озод қилган Гулойим ва Арслон ўлкада яшовчи тўрт миллат: қорақалпоқлар, туркманлар, ўзбеклар ва қозоқлар вакилларидан иборат ҳукумат тузадилар.
Тимур Бекмамбетов — россиялик кинорежиссёр, сценарийчи, продюсер ва клип режиссёри. Bazelevs кинокомпанияси асосчиси. У 1961 йили Гуревда (ҳозирги Атирау, Қозоғистон) туғилган. 1987 йили А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик институтини театр ва кино рассоми мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейин у Москвага кўчиб ўтади ва у эрда биринчи марта реклама роликларини суратга олади ва бир мунча вақт ўтгач, тўлиқ метражли фильмлар ярата бошлади. «Тунги назорат» ва «Кундузги назорат» ленталари унга машҳурлик келтирди. 2005 йили Бекмамбетов Голливудга таклиф қилинди, у Fox кинокомпанияларининг бир қатор лойиҳаларида иштирок этмоқда.
Ўтган йил октябрь ойида «Ипак йўли дурдонаси» XIII Халқаро кинофестивали доирасида Бекмамбетовнинг Bazelevs кинокомпанияси, Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Қозоқфильм» киностудияси ўртасида «Хўжа Насриддин» мультфильмини ҳамкорликда суратга олиш бўйича шартнома имзоланди.