Навоий КМК халқаро банклар гуруҳидан 1,2 миллиард долларгача кредит олади

ЎзА сайти фотосурати

Навоий кон-металлургия комбинати биринчи марта халқаро банклар гуруҳидан гаровсиз узоқ муддатли синдикатланган кредитни жалб қилди. Битимнинг умумий суммаси 1,2 миллиард долларгача етади, деб хабар берди НКМК матбуот хизмати.

Кредит беш йил муддатга еттита банк — JP Morgan&Chase, Citi, Societe Generale, Credit Suisse, ICBC Standard, Halyk Bank ва Deutsche Bank томонидан ажратилади.

««НКМК» АЖ битимда иштирок этаётган барча ҳамкорлар – халқаро банкларга самарали ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдиради. Бу «НКМК» АЖ учун халқаро молия бозорлари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича биринчи қадам бўлиб, компанияни келажакда евробонд жойлаштириш ва IPO га тайёрлайди», — дейилади комбинат матбуот хизмати хабарида.

НКМК Ўзбекистондаги энг йирик саноат корхонаси бўлиб, дунёда олтин ишлаб чиқарувчи энг йирик учта корхоналардан бири саналади. Шунингдек, комбинат уран ва нодир металларни қазиб олади, қурилиш материаллари ва бошқа халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқаради. Заводда 58 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.

Жорий йилнинг олти ойида завод томонидан 28,9 триллион сўмлик (2,6 миллиард доллардан ортиқ) саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, бюджетга 15 триллион сўм (1,3 миллиард доллардан ортиқ) тўлов амалга оширилди ва комбинат Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчисига айланди.

2020 йили Ўзбекистон корхонасининг баланс қиймати 1,3 миллиард долларга тенг бўлган хорижий компаниялардан анча паст – рақобатчиларнинг бозор нархи 11 миллиард доллар даражасида эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу борада комбинатда ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини маълум қилганди.

НКМК 2022 йил 1 январдан бошлаб учта мустақил корхонага бўлинган: «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти, «Навоийуран» давлат корхонаси ва Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси давлат муассасаси. НКМК IPO га тайёрланмоқда. 2024 йилга келиб 10-15 фоиз акцияларни жойлаштириш режалаштирилган.

2021 йил сентябрь ойида НКМК Россиянинг ВТБ молиявий гуруҳи билан беш йил муддатга 1 миллиард долларлик кредит линияси очишга келишиб олди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ