Ўзбекистон президенти «Табаррук зиёрат» туризм концепциясини тасдиқлади

Ўзбекистонда Туркиянинг дин уламолари, шайхлар ва туризм зиёрати вакилларидан иборат делегацияси .Uzbektourism.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туркий дунё доирасидаги «Табаррук зиёрат» туризм концепциясини тасдиқлади.

Ўзбекистон ушбу концепцияни Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ, собиқ Туркий кенгаш) билан ҳамкорлик доирасида таклиф қилган. Ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади:

▶️ Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан туризм соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш;

▶️ зиёрат ва маданий мерос объектларига турларни ташкил қилиш ва янги саёҳат маршрутларини ишлаб чиқиш;

▶️ зиёрат ва маданий-тарихий туризм доирасида мунтазам тарғибот тадбирларини ташкил этиб бориш;

▶️ Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Термиз ва бошқа тарихий шаҳарларда буюк алломаларнинг илмий ва маданий мероси тўғрисида семинар, симпозиум, конференция, илмий-амалий анжуманлар ўтказиш ҳамда илмий-оммабоп нашрларда материаллар эълон қилиш орқали сайёҳларни жалб этиш;

▶️ Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар билан ҳамкорликда илмий-таҳлилий материаллар, бадиий, театр ва кино асарлари, видеороликлар, китоблар, тарқатма материаллар ва бошқа кўринишдаги тарғибот материалларини тайёрлаш;

▶️ Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ҳамкорлик орқали “Табаррук зиёрат” брендини яратиш ва тарғиб қилиш;

▶️ Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатлар, шунингдек, туркий халқлар диаспоралари кенг тарқалган бошқа мамлакатлардан туристларни Ўзбекистонга кенг жалб қилиш;

▶️ ташкил этиладиган турли тадбирлар ва лойиҳалар орқали туркий халқлар ёш авлод вакилларининг ўзаро маданий яқинлашувига эришиш, уларда миллий урф-одатлар ва аждодларга ҳурмат каби юксак қадриятларни шакллантириш.

Президент қарорида 2022 йили «Турк дунёси туризм пойтахти» деб эълон қилинган Қўқон шаҳрига алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу шаҳарда бир қатор моддий маданий мерос объектлари таъмирланиб, реставрация қилинади, инфратузилмани ривожлантириш, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш бўйича амалий чора-тадбирлар амалга оширилади.
Қўқон университети ҳузурида Туризм факультети ва Меҳмонхона амалиёти маркази, Академик хостел, Академик туризм маркази, Университет ва аҳоли учун очиқ кутубхона ва нашриёт ташкил этилади. 1 ноябрга қадар Маданий мерос агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида «Қўқон» арт-резиденциясини ташкил этилади.

2023 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳар икки йилда қуйидаги тадбирлар ўтказилади:

👉 май ойининг учинчи декадасида Марғилон шаҳрида “Марғилон ипак матоларининг халқаро бозордаги аҳамияти” мавзусида кўргазма ва илмий-конференция;

👉 июнь ойининг биринчи декадасида «Лаванда» фестивали;

👉 июль ойида олий таълим муассасалари талабалари ва ёшлар учун Халқаро «Turksoy» ташкилоти билан ҳамкорликда «Туркий тилли ёшлар» халқаро фестивали;

👉 август ойининг учинчи ҳафтасида туркий давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар учун “Табаррук зиёрат” халқаро медиатури ва унинг доирасида «B2B» форматида учрашувлар ташкил этилади.

Президент ТДТга аъзо ва кузатувчи давлатлардан мунтазам ва чартер авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар киритиш, «Табаррук зиёрат» туризми интернет платформасини яратиш бўйича топшириқлар берди.

Фарғона вилоятида «Яшил макон» умумдавлат ободонлаштириш лойиҳаси доирасида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи «Туркий дунё боғи», «Аскиячилар боғи» ва «Шахмат боғи» номли тематик боғлар барпо этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ