Душанбеда Тоғли Бадахшонда юз берган норозиликлар устидан суд жараёни бошланди

Эмомали Рахмон ва Холбаш Холбашов, 2013 йил. Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

3 август куни Душанбедаги тергов изоляторида (СИЗО) Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) май ойидаги намойишлар бўйича суд жараёни бошланди. Бу ҳақда журналист Анора Саркорова хабар берди.

Тожикистон Бош прокуратураси вакилларининг матбуот анжуманида маълум қилишича, ишда 80 га яқин шахс, жумладан Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари қўмондони собиқ катта маслаҳатчиси, генерал-майор Холбаш Холбашов ҳам иштирок этмоқда.

Саркорованинг сўзларига кўра, Холбашовга нисбатан Жиноят кодексининг 11- моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда, айбланувчиларнинг яқинлари суд залига киритилмаган.

«Тергов изоляторидаги манбаларнинг хабар беришича, генерал Холбаш Холбашев ва 20 га яқин одам суд мажлиси чоғида қафасга жойлаштирилган, қолган судланувчилар эса ёнида туришган», — деди журналист. Унинг қўшимча қилишича, «Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди суд мажлисида шахснинг қафасга жойлаштирилишини айбсизлик презумпциясининг бузилиши деб этироф қилди. Қафасларда ва «аквариумларда» ҳали суд томонидан айбдор деб топилмаган одам аллақачон айбдордек ҳолатда бўлади».

Холбаш Холбашов 18 май куни собиқ рафиқаси, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Улфатҳоним (Улфат) Мамадшоева билан бир кунда ҳибсга олинган. Холбашов 1990-йиллари Рушон туманида уюштирилган суиқасд пайтида президент Эмомали Раҳмоннинг ҳаётини сақлаб қолгани билан танилган. Энди у жиноий жамоа ташкил этиш, қотиллик, терроризм ва бошқа қатор жиноятларда айбланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тоғли Бадахшон аҳолиси ва ҳокимият ўртасидаги қарама-қаршилик 14 май куни Хоруғдаги митингдан сўнг авж олган, унда маҳаллий аҳоли мухторият раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ ҳокими Ризо Назарзодани ишдан бўшатиш, 2021 йил ноябрь ойида маҳаллий аҳолидан уч кишининг ўлимига жавобгар куч тизилмалари ходимларини жазолашни талаб қилган эди.

18 май куни ТБАВнинг Рушон туманида, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 200 га яқин одам хавфсизлик кучларининг катта карвони Тоғли Бадахшон маъмурий марказига ўта олмаслиги учун Душанбе-Хорог автомобиль йўлини тўсиб қўйган. Шундн сўнг аксилтеррор операцияси бошланади. Натижада, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган.

Июнь ойида Эмомали Раҳмон Алишер Мирзонаботни ТБАВ раҳбари этиб тасдиқлаган эди.

Хоруғдаги махсус тадбирлар чоғида Тожикистон ҳарбийлари ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари Тоғли Бадахшоннинг бир қатор норасмий раҳбарларини қўлга олган ёки ўлдирган, ўнлаб одамларни ҳибсга олишган. Помир жамоатчилиги фаоллари Москвада бедарак йўқолган, кейинчалик улар Душанбеда пайдо бўлган. 29 июль куни Россия пойтахтида ғойиб бўлган яна бир помирлик Руслан Пулодбековнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда.