Ўзбекистонликлар бошқа давлатлар ҳудудида ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликдан огоҳлантирилди

ПЕРМНИНГ "ВЕТТА" ТК ВИДЕОЁЗУВИДАН КАДР

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни хорижий давлатлар ҳудудида кўнгиллилар батальонларини тузиш ва ҳарбий ҳаракатларда қатнашмасликдан огоҳлантирди.

Дипмиссия сайтидаги огоҳлантириш Россия оммавий ахборот воситаларида «Перм ўлкасидаги Марказий Осиё ўзбеклари жамияти» съездида унинг раҳбари Жаҳонгир Жалоловнинг нутқи акс этган видеодан кейин пайдо бўлди. У «Россиянинг Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш бўйича махсус ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлаш» учун кўнгиллилар батальонини тузишни таклиф қилади.

«Фарзандларимиз боғчаларга қатнайди, мактаб ва олий ўқув юртларида таҳсил олади. Биз Россияда яшаймиз ва ишлаймиз. Биз еяётган нонимизни нафақат оқлашимиз керак, балки бунга мажбурмиз ҳам» — дея асослади ўз ташаббусини Жалолов. У батальонни «буюк Амир Темир» номи билан аташни таклиф қилади.

Жалолов нутқига биринчи бўлиб Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА) муносабат билдирди.

«Ўзбекистон фуқароларидан бундай даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз», — дейилади агентлик хабарида.

Агентлик Ўзбекистон Жиноят кодексининг ёлланиш ва чет эл ҳудудидаги ҳарбий ҳаракатларга одамларни ёллаш учун жавобгарликни назарда тутувчи 154-моддасини эслатиб ўтади. Мана унинг тўлиқ матни:

«Ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ёлланма шахсни ёллаш, ўқитиш, молиялаштириш ёки унга бошқа моддий таъминот бериш, худди шунингдек ундан ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш — етти йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини огоҳлантиради.

«Элчихона юртдошларимизни даъватларга берилмаслик ва эҳтиёткор бўлишга чақиради», — дейилади дипмиссия хабарида.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал ТММА ўзбекистонликлардан Россиянинг хусусий қўриқлаш компаниялари (ЧОП) иш ўринлари ҳақидаги эълонларга эътибор бермасликни сўраган эди. Мустақил журналистик суриштирувларда ушбу эълонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига қаратилгани маълум бўлган. Одамларга ойига 240 000 рубль эвазига «Украинадаги «махсус операция» зонасида вазифаларни бажариш» таклиф этилган. Украинада олти ойдан ортиқ бўлганларга «Россия фуқаролигини олишнинг соддалаштирилган шакли» ваъда қилинган.

«Мустақил журналистик текширувлар шуни кўрсатадики, бу эълонлардан асосий мақсад фуқароларни Россия ва Украина ўртасидаги можаро зоналарига жалб қилишдир. Шу муносабат билан ҳамюртларимиздан хориждаги норасмий иш эълонларига ишонмасликларини сўраймиз», — дея таъкидлаб ўтади ТММА ва Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддасини эслатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ