Қозоғистон Молия мониторинги агентлиги ходимлари мамлакатдан 45 миллион долларлик АИ-95 бензинини ноқонуний олиб чиқишга уринишганини аниқлади, деб хабар беради агентлик расмий Телеграм-канали.
Воқеа Павлодар вилоятида содир бўлган — одамлар маҳаллий ишлаб чиқарилган АИ-95 бензинини Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга уринишган. Агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан 280 тонна миқдорида деярли 90 миллион тенге (189 минг доллар) миқдоридаги ёқилғи солинган бешта вагон цистерна қўлга олинган. Бензин детонацияга қарши суюқлик сифатида қайд этилган.
Маълум бўлишича, шартнома шартларига кўра, хориж компанияси фойдасига жами 45 миллион долларлик 50 минг тонна ёқилғини республикадан экспорт қилиш режалаштирилган. Қайси компания ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритилмаган.
Қозоғистонда бензин Ўзбекистонникидан бир неча баробар арзон. autostrada.uz маълумотларига кўра, жорий курс бўйича Қозоғистонда АИ-95нинг бир литри тахминан 5000 сўм (0,46 доллар) бўлса, Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-95 литри 12 минг сўмдан (1,1 доллар) сотилмоқда.
Ўтган ой Қозоғистон 2023 йил январь ойи ўрталаригача нефть маҳсулотларини автомобиль транспортида экспорт қилишга чекловлар киритди. Шахсий мақсадларда ҳайдовчига тўлиқ ёнилғи бакига ва канистрда 20 литрдан кўп бўлмаган захирага эга бўлишга рухсат берилади.