Наманганликлар яна бир археологик ёдгорликни вайрон қилдилар. Жиноий иш қўзғатилган

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати фотосурати

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида «Ўрдатепа» археологик ёдгорлиги вайрон қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар беради.

Қадимги манзилгоҳ қолдиқлари Навкент маҳалласи ҳудудида бўлган. Икки фуқаро унинг ўрнига турар-жой бинолари қуришга қарор қилади. Бири махсус техника ёрдамида 0,03 гектар ҳудуддаги ёдгорликнинг бир қисмини, иккинчиси эса 0,02 гектар майдон ерга теккислаб, ўрнига ўзбошимчалик билан уй-жой қуришади.

Моддий маданий мерос объектининг вайрон этилгани Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходимлари томонидан аниқланган. Наманганликлар етказган зарар 72 миллиард сўм (6,5 миллион доллар) миқдорида ҳисоблаган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Худди шундай воқеа бундан олдин Янгиқўрғон ҳудудидаги археологик ёдгорлик саналмиш – «Ғаистонтепа»да содир бўлганди. Ёдгорлик ўрнида турар-жой биноси қурилган. Шу тариқа, тарихий объектга 80 миллиард сўм (7,2 миллион доллардан ортиқ) зарар етказилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ