Ўзбекистонда фахрий донорларга пул мукофоти берилади

Qonber.uz сайти фотосурати

2023 йил 1 январдан «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони учун мукофот БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати мамлкат президенти қарорига таяниб хабар беради.

1 июндан бошлаб 1 БҲМ 300 000 сўм ёки 27 доллар ташкил этади. Шундай қилиб, мукофот пули 1,5 миллион сўмдан 4,5 миллион сўмга (136 доллардан 409 долларга) ошади.

Фахрий донорлар учун янги имтиёзлар жорий этилди:

👉 улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;

👉 шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш;

👉 давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш.

Доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари стационар даволаниш жараёнида, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади.

Донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи миқдорида белгиланади. Ҳозирда битта энг кам иш ҳақи миқдори 920 минг сўмни ташкил этади, яъни донор киши бошига камида 27,6 минг сўм (2,5 доллар) миқдорида бепул тушлик билан таъминланиши керак.

Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлган ва тиббий кўрик натижаларига кўра донорлик қилишга яроқли деб топилган ҳар қандай шахс донор бўлиши мумкин. Донор йилига тўрт мартадан кўп бўлмаган қон топшириши мумкин. Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам ва текин топширган донор «Ўзбекистон Республикаси Фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланади ва бир марталик пул мукофоти олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ