11 августдан бошлаб Тошкент ва Нижний Новгород ўртасида автобус қатнови тикланади. Бу ҳақда Tashtrans.uz хабар берди.
Автобуслар пайшанба кунлари соат 06:00 да (Москва вақти билан 04:00) Олмазор метро бекати яқинида жойлашган Тошкент автовокзалидан жўнайди. Йўл ҳақи 953 000 сўмни (86,6 доллар) ташкил қилади. Маршрут узунлиги 3000 км, саёҳат вақти тахминан 40 соат.
Тошкент – Нижний Новгород рейси икки давлат ўртасида мунтазам очилган биринчи автобус йўналиши бўлиб, 2018 йил сентябрь ойида йўлга қўйилганди. 2020 йили Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги автобус қатнови коронавирус пандемияси туфайли тўхтатилган эди. Жорий йилнинг 18 июлида у қайта тикланди.
«Тошкент» автовокзалининг матбуот хизмати Россия шаҳарларига парвозлар жадвали ва чипталар нархини эслатиб ўтади:
👉 18 июлдан душанба ва пайшанба кунлари соат 12:00да Тошкент-Москва автобуси жўнайди, йўл ҳақи 1,003 миллион сўм (91 доллар);
👉 сешанба ва жума кунлари соат 11:00да Тошкент-Қозон рейси жўнайди, 803 минг сўм (73 доллар);
👉 ҳар чоршанба ва якшанба кунлари соат 20:00 да Тошкент-Санкт-Петербург автобуси 1,253 миллион сўм (114 доллар);
👉 1 августдан душанба кунлари соат 14:00 да Тошкент-Новосибирск автобуси жўнайди, 803 минг сўм (73 доллар);
👉 6 августдан ҳар сешанба ва шанба кунлари соат 23:30 да Тошкент — Омск автобуси жўнайди, 803 минг сўм (73 доллар).