Тошкентда биринчи ипотека маркази очилди

Шавкат Мирзиёев ипотека марказида. president.uz сайти фотосурати

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида илк ипотека маркази очилди. Унга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Марказда ипотека бозоридаги барча таклифлар мавжуд. Ташриф буюрувчиларга Тошкент шаҳрида қурилаётган уй-жойлар, ипотека кредити бераётган банклар, уларнинг шартлари ҳақида батафсил маълумот берилади. Шунингдек, олди-сотди шартномаларини, гаров ва ипотека кредитларини расмийлаштириш, уй-жойга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибида ҳам ёрдам кўрсатилади. Барча хизматлар бир жойда тақдим этилади.

«Халқимиз турмушини яхшилаш учун қанча қарорлар чиқаяпти, қулайликлар яратиляпти. Лекин кўпчилик бундан тўла хабардор эмас. Билганлар ҳам қаерга боришни билмай, овора бўлади. Бу марказ уй олишни истаганларга комплекс хизмат кўрсатиб, оғирини енгил қилади. Энди марказнинг электрон платформаларини ривожлантириб, одамларга янада қулайлик яратиш керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари минглаб одамлар томорқа учун ипотекадан фойдалана олмаётганига эътибор қаратиб, мутасаддиларга бу бўйича кўрсатмалар берди.

Мирзиёев 6 июль куни бюрократияни қисқартириш, аҳолига комплекс хизмат кўрсатадиган ипотека марказларини яратиш зарурлигини маълум қилган эди. 2022 йили ипотека кредитларини молиялаштириш учун тижорат банклари учун бюджетдан 13 триллион сўм (1,19 миллиард доллар) ажратиш режалаштирилган. Бироқ, дастлабки олти ойда ушбу маблағларнинг атиги 30 фоизини ўзлаштирилган.

Апрель ойида Мирзиёев Молия вазирлиги томонидан банкларга ажратиладиган маблағлар бўйича ставкалар 2022 йил охиригача бир хил даражада сақланиб қолиши ҳақида қарор имзолаган эди. Ипотека кредити учун — 13%, таълим кредити учун — 10%.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ