Қозоғистонда барқарорлаштириш фондидан шакар сотиш билан боғлиқ коррупция схемаси фош этилди

Deposit Photos сайти фотосурати

Қозоғистон коррупцияга қарши кураш хизмати Қўстанай вилоятида барқарорлаштириш жамғармасидан шакарни аҳолига қайта сотиш бўйича жиноий схемани фош қилди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри. Текширув натижаларига кўра, ҳокимлик ва «Тобол» АЖ ходимлари шакар тақчиллигидан фойдаланиб, уни танлаб олинган тадбиркорларга навбатсиз ва меъёрдан ошириб, бир килограмми 420 тенге (0,9 доллар) дан арзонлаштирилган ҳолда берган.

Бунинг учун тадбиркорлар 100 килограммдан 500 килограммгача шакарни ҳокимлик ва СEК ходимларига мукофот сифатида топширади. Кейин сараланган тадбиркорлар шакарни аҳолига кўзда тутилган 10 фоизлик устама ўрнига 100 фоизлик устама билан сотади.

Коррупцияга қарши курашувчилар Барқарорлаштириш фонди омбор мудирининг шахсий гаражини кўздан кечириш чоғида 900 килограмм шакар аниқланиб, мусодара қилганлар ва жамғармага қайтарганлар.

Тергов манфаати учун бошқа маълумотлар ошкор қилинмаган.

Қозоғистонда шакар билан боғлиқ вазият Россия ва Беларусь маҳсулотни экспорт қилишни тақиқлаганидан кейин ёмонлашди. Қозоғистон корхоналари қандолат маҳсулотлари ва шарбатлар ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйиш таҳдидига дуч келди, маҳаллий тадбиркорлар эса банкротлик хавфи остида қолдилар. Шу билан бирга, маҳаллий дўконларда шакарга бўлган талаб юқори бўлди. Шу муносабат билан июль ойи ўрталарида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари Ербол Карашукеевга танбеҳ берганди. Шунингдек, у ҳукуматга зудлик билан шакар саноатини ривожлантириш лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди.

Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, июль ойида Қозоғистонда шакарнинг йиллик қиймати (яъни ўтган йилнинг июлига нисбатан) 87,3 фоизга ошган.

Июль ойи охирида Россия шу йилнинг 31 августига қадар амалда бўлган шакар экспортига қўйилган тақиқни узайтирмаслиги маълум бўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ