Ўзбекистон ҳукумати Чиноз нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоиз давлат улушини ва «Дори-Дармон» АЖ 51 фоиз улушини сотиш жараёнини бошлади. Давлат активларини бошқариш агентлиги битимларни қўллаб-қувватловчи консалтинг компанияларини танлаш бўйича танловлар эълон қилди.
Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи саноат корхонаси бўлиб, унинг асосий вазифаси нефтни бензин, керосин, мазут, дизел ёқилғиси ва мойлаш мойларига қайта ишлашдан иборат. Завод йилига 117 минг тоннагача углеводород хомашёсини қайта ишлаш имконини берувчи замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган.
Корхонанинг марказий офиси Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган. Нефтни қайта ишлаш заводи 2016 йил 11 августда ишга туширилган. Устав капитали 102 миллиард сўм (9,3 миллион доллар). Ҳозирда завод 100 фоиз давлатга тегишли.
«Дори-Дармон» Ўзбекистон фармацевтика бозоридаги етакчи улгуржи ва чакана савдо компанияси ҳисобланади. Унинг ҳудудий бўлинмалари мавжуд бўлиб, улар таркибига 7 та акциядорлик жамияти ва 14 та масъулияти чекланган жамият, жумладан, 17 та омборхона ва 15 та таҳлил лабораторияси киради.
Консалтинг компаниялари ўз таклифларини 2022 йил 27 августгача юборишлари мумкин.