Назарбоев Нур-Султонда Марказий Осиёдаги энг катта масжидни очди

twitter.com/Aidos_Ukibay фотосурати

Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев Нур-Султон шаҳрида янги масжиднинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди, деб хабар беради КазИнформ МИА.

«Ушбу муборак жума куни пойтахтимизда кўркам масжид очмоқдамиз. Бу нафақат пойтахтимиз, балки барча аҳоли, мусулмонлар учун муҳим воқеадир», — деди Назарбоев.

Унинг сўзларига кўра, мустақиллик йилларида Қозоғистонда кўплаб янги диний бинолар қурилган.

«Бу масжидда тиловат қилинадиган барча дуоларни Аллоҳ эшитсин. 2019 йил март ойида президентлик муддатим тугашига бир кун қолганида мен ушбу масжиднинг биринчи тамал тошини қўйгандим. Ўшанда мен билан мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бирга эди. Аллоҳ таолодан барака сўраймиз, мустақил давлатимиз гуллаб-яшнасин, деб дуо қиламиз. Бу менинг мусулмонлик бурчим, ватан олдидаги фарзандлик бурчим, деб биламан», — деди Назарбоев.

Хабарда айтилишича, янги масжид нафақат Қозоғистон, балки бутун Марказий Осиёдаги энг катта масжид ҳисобланади. Унинг асосий гумбазининг баландлиги деярли 90 м, миноралари эса 130 м. Масжиднинг ҳудуди деярли 10 гектарни эгаллайди. Sputnik.kz хабарига кўра, масжид қурилиши уч йил давом этган, уни хусусий инвесторлар қўллаб-қувватлаган. Лойиҳага республика бюджетидан маблағ ажратилмаган.

Масжиднинг ер ости қаватида 440 ўринли зиёфат зали, 405 ўринли ёпиқ автотураргоҳ, қабулхона, ҳожатхона, техник ва маросим хизматлари учун жой, қурбонлик қилиш жойи ва бошқа хоналар мавжуд.

Биринчи ва иккинчи қаватларда намоз ўқиладиган жойдан ташқари дарсхоналар, мажлислар зали, никоҳ зали, Қуръон ўқиш зали, телестудия, идоралар, хизмат хоналари, савдо дўконлари, музей ва техник хоналари мавжуд.

Масжиднинг умумий сиғими 235 000 кишини ташкил этади, яъни бу сондаги одамлар бир вақтнинг ўзида сафга туриб намоз ўқишлари мумкин. Бинонинг очиқ майдонида тахминан 200 000 киши сиғади. Залларда бир вақтнинг ўзида 30 000 эркак ва 5 000 аёл намоз ўқиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ