Ўзбекистонда хорижлик металлургларга меҳнат визаси беришни соддалаштириш таклиф этилди

Видеоселектор қатнашчилари жуғрофияси. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон металлургия корхоналари раҳбарлари Президент Шавкат Мирзиёев билан суҳбатда хориждан малакали мутахассисларга меҳнат визаси беришни соддалаштиришни таклиф қилди. Давлат раҳбари ушбу таклифни ўрганиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди, деб хабар қилади президент матбуот хизмати.

Металлургия учун малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш Ўзбекистонда ҳал этилиши лозим бўлган тўртта вазифадан биридир. Шунга ўхшаш яна учта вазифа қуйидагилардан иборат:

👉 металл ишлаб чиқарувчи корхоналарни хомашё билан кафолатли таъминлаш;

👉 барча ҳудудларда металл ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил бўлишини қўллаб-қувватлаш;

👉 юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқлари учун замонавий металл конструкциялар ишлаб чиқариш.

12 август куни Бекобод шаҳридаги (Тошкент вилояти) Ўзбекистон металлургия комбинатида металлургияни ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу борадаги вазифалар белгилаб берилди. Йиғилиш бошланишидан аввал Шавкат Мирзиёев корхона фаолиятини кўздан кечирди. Унга завод муваффақияти ва инвестиция лойиҳалари тақдим этилди.

Улардан бири — навли прокат мажмуаси. Қарийб 5 миллион долларлик лойиҳа эвазига бу ерга хориждан термо-мустаҳкамлаш линияси келтирилиб, жорий йил февралда ишга туширилди. Бу орқали йилига 500 минг тонна A500-A800 маркали арматура ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Йилига 300 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш ҳисоб-китоб қилинган. Яна бир муҳим жиҳати, бу арматура халқаро DIN стандарти сертификатини қўлга киритган. Энди ушбу маҳсулотни Европага экспорт қилиш режалаштирилган.

Яна бир лойиҳа – қуйма-прокат мажмуаси қурилиши. У 672 миллион еврога баҳоланмоқда. Лойиҳа йилига 1 миллион дона пўлат плиталар ишлаб чиқариш имконини беради, бунинг натижасида завод қуввати икки баробар ортади.

Мажмуа 2024 йили фойдаланишга топширилиши режалаштирилган, бироқ президент лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш ва хомашёдан кафолатли фойдаланишни таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

«Ўз вақтида бу комбинат учун 800-900 минг тонна иккиламчи қора металлни қайта ишлаш етарли эди. Лекин бугунги кунда иқтисодиётимизда қора металлга бўлган талаб 4 миллион тонна. Унинг ҳам 50 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда. Шунинг учун бу корхонани тезроқ ишга туширсак, иқтисодиётимизга катта манфаат беради», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2026 йилга бориб Ўзбекистон иқтисодиётининг металлга бўлган талаби қарийб 6 миллион тоннани ташкил этади. Мамлакатдаги темир рудаси заҳиралари 1,2 млрд тоннани ташкил этади. Бу ҳақда Бош вазир маслаҳатчиси, Давлат геология қўмитаси раиси Бобир Исломов видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Металлургия корхоналари негизида саноат кластерларини ташкил этиш режалаштирилган. Президент келгуси йилда 500 миллион долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштиришни таъминлаш ва давлат корхоналари томонидан кафолатли харид қилишни ташкил этиш бўйича топшириқ берди. Аввалроқ, март ойида у «Ўзметкомбинат» АЖ директори Рашид Пирматовга тайёр маҳсулотларни импорт ўрнини босиш бўйича режаларни бузгани учун қаттиқ огоҳлантирган эди.

Мирзиёев соҳада таълим ва илм-фанни ривожлантириш учун «Ўзметкомбинат» қошида Металлургия илмий-тадқиқот маркази, Геология университети қошида қора металлар бўйича илмий лаборатория, Навоий кон-технология ва Тошкент техника университетларида технологик парклар очишни таклиф қилди. Президент нуфузли хорижий компаниялар ва инжиниринг марказларида ёш мутахассислар малакасини ошириш зарурлигини маълум қилди.

Бундан ташқари, Мирзиёев металлургия корхоналари раҳбарларининг Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган импорт қилинадиган металл хомашёси ва ускуналарини божхона тўловларидан озод қилиш тўғрисидаги таклифларини кўриб чиқиш топшириғини берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ