Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 ва 18 август кунлари Саудия Арабистонига ташриф буюради. Бу ҳақда 15 август куни унинг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди, деб хабар беради «Фарғона» ахборот агентлиги мухбири.
Асадовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон президенти Саудия Арабистонига мамлакат қироли Салмон ибн Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан боради.
«Ташриф дастурига мувофиқ Жидда шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Уларда мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Алоҳида эътибор “яшил иқтисодиёт”, юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновациялар, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига қаратилади. Саммит якунида икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланиши кутилмоқда», — деб хабар беради Асадов.
Шунингдек, давлат раҳбари Саудиянинг етакчи компаниялари, нуфузли халқаро тузилмалар – Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашув ўтказади.
Шу билан бирга, президент Маккайи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат қилади.
Қайд этиш жоиз, бу Ўзбекистон президентининг Саудия Арабистонига сўнгги 30 йилдаги илк ташрифи бўлади.
Саудия Арабистони ҳозирда Ўзбекистон энергетика соҳасидаги энг йирик хорижий инвесторлардан бири ҳисобланади. Бунга кўп жиҳатдан «ACWA Power» компаниясининг мамлакатдаги муваффақиятли фаолияти ҳисса қўшди. Компания билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ошади. Ҳозирги кунда қуйидаги лойиҳалар амалга оширилмоқда: Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВтга эга иккита шамол электр станциясини қуриш, Сирдарё вилоятида 1,5 ГВт қувватга эга буғ-газ электростанцияси. Жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистонда қуввати 100 МВт бўлган яна бир шамол электр станцияси қурилиши бошланди.
Бундан ташқари, жорий йил бошидан буён Саудия тараққиёт жамғармаси Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 300 миллион долларлик 10 та лойиҳани молиялаштирди.
Таъкидлаш лозим, бу йил ўзбекистонликлар учун Ҳаж квотаси 10 865 кишига оширилди. У 2019 йили 7200 кишини ташкил этганди — 2020 ва 2021 йиллари мамлакат COVID-19 тарқалиши сабабли Ҳаж учун ёпиқ бўлди.