Наманган вилоятида жойлашган «Султон Увайс Қароний» зиёратгоҳидан «Қуръони Карим» китобининг қўлёзма нусхаси ўғирланган.
Вилоят ИИБ матбуот хизмати хабарига кўра, ўғирлик 2022 йилнинг 9 август кунидан 10 август кунига ўтар кечаси соат 00:04ларда номаълум шахслар томонидан содир этилган.
Мазкур ҳолат Наманган вилояти Прокуратураси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олинган ва жиноят иши қўзғатилган.
Сentralasia.media хабарига кўра, муқаддас китобнинг ўғирланган нусхаси 1874 йилда ипакдан тайёрланган. У 426 саҳифадан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирига 13 тадан оят битилган. Китобнинг бўйи 74 см, кенглиги 51 см ва қалинлиги 12 см, оғирлиги — 21,5 кг бўлган.
Чортоқ тумани Балиқкўл қишлоғида жойлашган «Султон Увайс Қароний» мажмуаси нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикалар аҳолиси учун ҳам муқаддас қадамжо ҳисобланади. Мажмуа Муҳаммад пайғамбар С.А.В даврида яшаб ўтган авлиёга атаб барпо этилган. Ривоятга кўра, яманлик Увайс Караний ҳозирги Ўзбекистон ҳудудига Ислом динини тарғиб қилиш учун келган.
Мажмуада 1200 ўринли масжид, Султон Увайс Қаранийнинг рамзий қабри, кутубхона, меҳмонхона ва эҳсон хонаси мавжуд.