Швейцария «Гулнора Каримова пулларини» Ўзбекистонга қайтаришга ваъда берди. Тошкент уларни ижтимоий соҳага йўналтиради

Руслан Давлетов ва Иньяцио Кассис. Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

16 август куни Бернда Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида «Гулнора Каримова пуллари» деб аталган маблағларни қайтариш бўйича келишув имзоланганди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, келишув «Швейцария Конфедерацияси ҳудудида ноқонуний йўллар билан мусодара қилинган мулкларни Ўзбекистон Республикаси аҳолиси манфаати йўлида қайтариш тўғрисида» деб номланади. Уни Ўзбекистон адлия вазири Руслан Давлетов ва Швейцария президенти Игньяцио Кассис имзолади.

Келишув «Швейцария томонидан Г. Каримова бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ томонидан илгари ноқонуний йўллар билан қўлга киритилган ва Швейцарияда қонунийлаштирилган 131 миллион долларни зудлик билан Ўзбекистон халқига қайтаришни назарда тутади», — дея тушунтиради Адлия вазирлиги. Ҳужжатда ноқонуний орттирилган активларни қайтаришнинг асосий тамойиллари, механизми ва мақсадлари ёритиб берилган.

Активларни қайтаришнинг асосий тамойиллари қуйидагилардан иборат:

👉 очиқлик ва ошкоралик, реституция билан боғлиқ маълумотларни очиқ эълон қилиш;

👉 фуқаролик жамиятининг ушбу жарайонда иштирок этиши;

👉 қайтарилган маблағларни ижтимоий соҳага, хусусан, таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантиришга йўналтириш;

👉 Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида реституция масалалари бўйича доимий, самарали ва ҳурматли мулоқотни давом эттириш.

Маблағлар қайтпарилиши БМТнинг кўп шериклик мақсадли жамғармаси тизимига кирувчи Uzbekistan Vision 2030 кўп шериклик мақсадли жамғармаси орқали амалга оширилади. Жамғарма таркибига, хусусан, Ўзбекистон, Швейцария ва халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат Фуқаролик жамияти масалалари бўйича маслаҳат кенгаши киради. Кенгаш аъзолари Жамғарма фаолиятини ихтиёрий асосда ва маошсиз назорат қилади.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ва Швейцария жорий йилнинг февраль ойида шундай жамғарма ташкил этишга келишиб олган эди. Унга Каримова ва унинг шерикларининг Ўзбекистонга қайтарилган мол-мулки келиб тушади. Келгусида бу маблағлар Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ), жумладан, қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, сифатли таълим, гендер тенглиги, тоза сув ва санитария, муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш ва бошқаларга йўналтирилади.

Гулнора Каримова Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи. Европа давлатларида унга алоқадор компанияларнинг жиноий фаолиятини текшириш 2012 йилда бошланган. Жиноий схема TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига катта миқдордаги пулларни ноқонуний равишда олишдан иборат эди. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган. 2018 йили Швейцария Каримовани айбдор деб топди ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрди.

2013 йили Ўзбекистонда Каримовага қарши давлат маблағларини ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш айблари билан икки жиноий иш очилди. Биринчи ҳолатда 2015 йилда у беш йилга, иккинчи ҳолатда 2017 йилда 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо кейин жазо беш йиллик озодликни чеклаш жазоси билан алмаштирилган.

2020 йил март ойида Каримова жиноий гуруҳ ташкил этиш, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланган учинчи жиноий иш доирасида айбланди ва унга 13 йил қамоқ жазоси берилди. Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Тошкент вилоятидаги колонияда.

2020 йил май ойида Франция Каримованинг 10 миллион доллар миқдоридаги активларини Ўзбекистонга қайтарди.Ўша йилнинг сентябрида Швейцария Ўзбекистон билан 2012 йилдан бери Каримованинг Швейцария банкларидаги ҳисоб рақамларида сақланаётган 131 миллион долларни қайтариш бўйича рамка битимини имзолади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ