Москванинг «Спартак» клуби бош директори Евгений Мележиков клуб Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Остон Ўрунов билан шартномани бекор қилиш истаги борлигини маълум қилди. Бу ҳақда «Чемпионат» нашри хабар беради.
«Ўйлайманки, Хендрикс ва Педро Роча каби Ўрунов билан ҳам шартнома бекор қилинади. Бу ҳафта мен у билан гаплашамиз. Ҳозир у ёшлар жамоаси билан машғулот ўтказмоқда», — дейди Мележиков.
«Фарғона» хабарига кўра, Ўрунов шартномани бекор қилгани учун 2 миллион евро (икки йиллик маош) талаб қилмоқда ёки йилига камида 600 минг евро маош эвазига ижарага ўтишга тайёр. Бу шартлар «Спартак» бошқарувида номақбул деб топилган. Балки ҳозир, клубнинг Россия чемпионатидаги муваффақиятли ўйинлари фонида вазият ўзгарган ва раҳбарият жамоадаги микроиқлимни бузмаслик учун ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунига қадар келишувни бекор қилиб, муросали ечим топишга қарор қилган.
«Спартак»дан кетганидан сўнг Ўрунов эркин агент мақомини олади. «Фарғона» манбасига кўра, ўзбекистонлик ярим ҳимоячига Россиянинг бир қанча клублари, шунингдек, Форс кўрфази мамлакатлари клублари қизиқиш билдирмоқда.
Остон Ўрунов «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси. У 2017 йили Наманганнинг «Навбаҳор»ига кўчиб ўтган. 2019 йилнинг ёзида у Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаган ва у билан клуб Ўзбекистон Суперлигаси кумуш медалини қўлга киритган. 2020 йил бошида Ўрунов Уфага кўчиб ўтади. Ўша йилнинг ёзида у Москванинг «Спартак» клуби билан 5 йиллик шартнома имзолайди, аммо кейинги бир ярим йилни «Уфа»да ижарада ўтказади. Футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида еттита ўйин ўтказиб, битта гол урган. Transfermarkt маълумотларига кўра, Ўрунов 700 минг еврога баҳоланмоқда.