Тошкентда пора олаётган вақтда прокуратуранинг икки нафар ходими қўлга олинган. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати билан боғлиқ Xavfsizlik телеграм-канали хабар беради.
Қўлга олинганлардан бири Учтепа туман прокуратурасида терговчи бўлиб ишлаган. У апрель ойида қурилиш-таъмирлаш компанияси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноий ишда иштирок этган. Компания раҳбарини ҳибсга олмаслик ҳақидаги илтимосга жавобан у 50 минг доллар миқдорида пора талаб қилган.
Мазкур «талаб» юзасидан Тошкент шаҳар ДХХ ходимларига хабар берилган ва тезкор тадбир давомида терговчи пора олаётган вақтда қўлга олинган. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210 («Пора олиш») ва 45 («Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Собиқ терговчи 13 йилга озодликдан маҳрум этилган, у уч йилга прокуратура органларида юқори лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Қўлга олинган иккинчи шахс Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Олмазор тумани бўлими ходими бўлган. У тадбиркордан 1,2 миллиард (110 минг доллар) сўм миқдорида банк кредити олишга ёрдам бериш учун 5 минг доллар талаб қилган. Бироқ, банк тадбиркорга 750 миллион сўм (68 минг доллар) миқдорида кредит берган. Прокурор пора миқдорини 3000 долларгача камайтирган ва сўралган пулнинг 2000 долларини олаётган пайтда қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари порахўрларнинг қўлга олинишига доир видеоролик тайёрлаганлар.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида пора олиш ва бериш доимий мавзу ҳисобланади. Бундай хабарларда турли даражадаги мансабдор шахслар, ташкилот раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, прокурорлар ва бошқалар ҳақида сўз боради. Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда энг коррупциялашган тармоқлар таълим ва банк тизимидир.
Яқинда Агентлик томонидан ёшлар ўртасида сўровнома ўтказилган ва унда 16 мингдан ортиқ киши иштирок этган. Респондентларнинг 36 фоизи коррупция, порахўрлик ва очкўзлик ҳамма жойда борлигини айтишган. 39 фоизи пора беришни коррупция деб ҳисобламайди. Эътиборлиси, 2020 йили бундайлар сўровда иштирок этганларнинг 34 фоизини ташкил қилган.