Ўзбекистонлик, «Бухоро»нинг собиқ ҳужумчиси, ҳозирда Москванинг «Амкал» ҳаваскорлар жамоасида тўп сураётган ҳаваскор футболчи ва блогер Олег Дражжук ўн йилдан сўнг катта футболга қайтди ва Россия кубоги баҳсида иштирок этди.
«Эль-Классико» видеоблогери Герман Попков томонидан тузилган «Амкал» ҳаваскорлар жамоаси илк бор футбол бўйича Россия кубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди ва сенсацион тарзда Москва вилояти Красногорск шаҳрининг «Зоркий» клубини мағлуб этди. Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида эса «Амкал» футболчилари омадлироқ чиқишди – 8:7.
Дражжук бутун учрашувни майдонда ўтказди ва пенальтилар сериясида жамоасининг ҳал қилувчи пенальтисини голга айлантирди.
Россия кубоги 1/128 финалида «Амкал» сафарда «Твер»га қарши баҳс олиб боради. Учрашув 31 август куни бўлиб ўтади.
Олег Дражжук асли тошкентлик. 2011-2012 йиллари «Бухоро» футбол клубида ўйнаган. У жамоа сафида жами 11та ўйин ўтказиб, битта гол урган. Кейин у Россияга кўчиб ўтади. Дражжук турли ҳаваскор жамоаларда ўйнайди, турнирларда энг яхши тўпурарга айланади. 2020 йили у «Амкал»га кўчиб ўтади. YouTube-канали бор. У ўзининг Телеграм-каналида фаол, шунингдек Instagramда ўз саҳифасини юритади ( РФда эктремик деб тан олинган Meta корпорациясига тегишли ушбу интимоий тармоқ Россияда тақиқланган) ва бу ерда 50 мингдан ортиқ обуначилари бор.
Таъкидлаш жоиз, «Амкал» жамоаси Россияда жуда машҳур. Ўзининг тўрт йиллик фаолияти давомида клуб бутун мамлакат бўйлаб кўплаб мухлисларга эга бўлди. Бунга жамоанинг айрим ўйинчилари ижтимоий тармоқларда миллионлаб обуначиларга эга бўлган видеоблогерлар ва футбол симуляциялари стреймерлари экани сабаб бўлган.