Ўзбекистоннинг ҳар бир маҳалласида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш жамғармаси тузилади. Бу Президентнинг «Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш ва молиявий имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.
Жамғарма турли манбалар ҳисобидан тўлдирилади, жумладан:
👉 маҳалла ҳудудидаги давлат кўчмас мулк объектларини сотишдан тушган маблағлар;
👉 маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
👉халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар;
👉 жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия хайриялари;
👉 хорижий (халқаро) молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотларнинг техник кўмак маблағлари (кредит, грант, беғараз ёрдам ва бошқалар);
Жамғарма маблағлари ҳисобидан маҳалла фуқаролар йиғини (қўмита) куйидаги ишларни амалга оширади:
▶️ маҳалладаги ички йўллар, электр ва табиий газ тармоқлари, ичимлик суви ва канализация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш;
▶️ маҳалла биноси, маҳалла ҳудудида жойлашган спорт майдони, нуронийлар чойхонаси, ёшлар маркази, болалар майдончаси, кутубхона, маданият марказини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентарь, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;
▶️ маҳалла ҳудудида инфратузилмани ривожлантириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш;
▶️ ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларнинг турар жойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш.
Жорий йил охиригача Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги Кадастр агентлиги билан биргаликда ҳар бир маҳалланинг аниқ чегараларини белгилаши лозим.
Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ маҳаллалар мавжуд бўлиб, уларда 150 дан 6000 гача аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ҳар бирида аҳолининг ижтимоий ва маиший муаммоларини ҳал этишда ёрдам берадиган маҳалла қўмитаси мавжуд. Қўмитани турли масалалар бўйича кўплаб ўринбосарлари бўлган раис бошқаради. Жумладан, ҳуқуқ-тартибот масалалари, оила масалалари, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар, ободонлаштириш, томорқа ер ва тадбиркорлик масалалари ва бошқалар шулар қаторидан ўрин олган.