Қорақалпоғистонда июл ойи бошида содир бўлган воқеаларни мустақил тергов қилиш комиссияси тергов давомида маҳбусларга нисбатан қўлланилган қийноқлар бўйича шикоятларни қайд этган. Бу ҳақда Independent Commission_uz Telegram-канали хабар беради.
16 август куни июль ойидаги намойишларда қатнашган фуқароларнинг адвокатларидан шикоятлар келиб тушган. Шунингдек, улар тергов изоляторидаги ўз мижозлари билан учрашувга тўсқинлик қилиш ва уларнинг яқин қариндошлари билан учрашишдан бош тортиш ҳолатлари ҳақида ҳам сўз юритишган.
Шу куни комиссия тергов бинолари видеокузатув камералари билан жиҳозланганми ёки йўқми, адвокатларнинг видеоёзувни талаб қилиш ҳуқуқи бор-йўқлигини аниқлади.
Олинган маълумотларни ўрганиш натижалари ҳали хабар қилинмади, чунки комиссия ҳали ўз ишини якунламаган. «Текширув натижалари Комиссиянинг асослантирилган хулосаси эълон қилинмагунча эълон қилинмайди. Акс ҳолда, бу воқеаларни ўрганишдаги объективликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин «, деб тушунтиради комиссия.
Комиссия аъзоларидан бири, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси вице-спикери, «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси Алишер Қодиров «Қорақалпоғистонда ҳеч қандай тазйиқ ва босим йўқ», деди.
«Қорақалпоғистонда мингдан ортиқ инсон айбсиз бўлгани учун эмас, яхши ният намойиши сифатида қўйиб юборилган. Қолган қисм билан тергов якунланмади», — деб ёзади Қодиров, одамлардан провакация қилмасликни, суриштирувга халақит бермасликни сўрар экан. Сиёсатчи нима сабабдан бундай чақириғ қилганига ойдинлик киритмаган.
15 июл куни парламентда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказувчи комиссия тузилди. Унга Омбудсман Феруза Эшматова раҳбарлик қилди. Комиссия таркибига депутатлар, нодавлат нотижорат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари киритилган. Тез орада июль воқеалари ҳақидаги хабарларни йиғиш учун 1374 қисқа рақамли ишонч телефони ишга тушди.
Эслатиб ўтамиз, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда Ўзбекистон Конституциясига республика суверенитетидан маҳрум қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтганди. Тартибсизликлар пайтида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, 300 га яқин киши, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва ҳарбийлар ҳам яраланган.
Тўполон кунларда воқеа жойида 516 киши қўлга олинган, кўплари маъмурий жазога тортилган ва қўйиб юборилган. Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми («Ўзбекистон Республикасида ҳокимиятни эгаллаб олиш ёки конституциявий тузумини ағдариш мақсадида тил бириктириш») ва бошқа бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Улардан блогер Даулетмурат Тажимуратов, фаол Азамат Турданов, журналист Лолагул Каллихонова каби 14 киши ўтади.
Намойишлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукусга келиб, мазкур тузатишларни бекор қилинишини айтгандан сўнг якунланди. 3 июлдан 2 августгача суверен республикада фавқулодда ҳолат жорий этилган бўлиб, 21 июлдан муддатидан аввал бекор қилинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бош прокуратурага жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаоллар иштирокида содир бўлган воқеаларни ҳар томонлама ва холис ўрганиш бўйича топшириқ берди.
«Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошев зиммасига ҳар бир воқеани синчиклаб ва холисона ўрганиш, унинг иштирокчиларининг ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо бериш вазифаси қўйилди. Ҳуқуқ-тартибот идораларининг хатти-ҳаракатлари ҳам пухта таҳлил қилиниши керак. Агар улар ноқонуний куч ишлатган бўлса, амалдаги қонунчиликка мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши керак», — деди президент.