Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги (САП) фуқаролари учун визасиз режим жорий этди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Қироллик Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан музокаралар чоғида маълум қилди, деб хабар беради Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати.
Визаларнинг бекор қилиниши икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва тузилмасини диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қадамлардан бири бўлади.
Мирзиёев 16 август куни визани бекор қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Ҳужжатга кўра, Саудия Арабистони фуқаролари учун 2023 йил 1 январдан Ўзбекистон ҳудудига кирган кундан бошлаб 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилади. Саудияликлар ўзи юрти ёки учинчи давлатга учиш авиачиптасини тақдим этишлари лозим бўлади.
Мирзиёев Саудиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат объектлари ва инфратузилма объектларини хусусийлаштиришда иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар энергетика ва нефть-кимё соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси Ўзбекистонда муваффақиятли ишлар олиб бормоқда. Компания билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ошади. Ҳозирги кунда Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВтга эга иккита шамол электр станциясини қуриш, Сирдарё вилоятида 1,5 ГВт қувватга эга буғ-газ электростанцияси барпо этиш амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида Қорақалпоғистонда қуввати 100 МВт бўлган яна бир шамол электр станцияси қурилиши бошланди.
Музокараларда Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида Ўзбекистон инфратузилма ва бошқа соҳаларда – транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш, ижтимоий соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Жидда шаҳрида Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгашининг тўртинчи мажлиси муваффақиятли ўтгани таъкидланди.
Йиғилиш якунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланди.
Бу икки давлат ўртасида сўнгги 30 йиллик муносабатлар тарихидаги ажойиб натижадир, деб хабар қилди Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (ИТСВ).
Мирзиёев ва Салмон Ол Сауд халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Хусусан, улар Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва бу мамлакат иқтисодиётини тиклашга муштарак ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдирдилар. Ўзбекистон президенти Саудия Арабистонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Мулоқот бўйича шерик мақомини олаётганини олқишлади.
Музокаралар натижасида Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинди.
Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинди.
Шавкат Мирзиёев Қирол Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 17 август куни давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига келди. Унинг самолёти Мадинага қўнди. Бу ерда Ўзбекистон президенти Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ва унинг икки саҳобаси – Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттобнинг қабрлари жойлашган Пайғамбар масжиди – Масжид ун-Набавийни зиёрат қилди. Масжид ҳовлисида Мирзиёевни ўзбекистонлик зиёратчилар олқишладилар.
Президент Мадинадан Жиддага учиб, у ерда Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси билан музокаралар ўтказди. Ташриф 18 август куни якунланади.