Саудиянинг ACWA Power компанияси Қорақалпоғистонда 1,5 ГВт қувватга эга шамол электр станциясини (ШЭС) қуради ва у дунёдаги энг йирик иншоот бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Шамол электр станциясини қуриш бўйича келишув Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифи доирасида имзоланган.
Ушбу электр станциясининг қуввати 1,65 миллион хонадонни электр энергияси билан таъминлаш ва йилига 2,4 миллион тонна углерод чиқиндиларини олдини олиш имконини беради, деб таъкидлайди Энергетика вазирлиги.
ACWA Power ва Air Products компанияси билан Ўзбекистон Республикасида яшил водородни илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ривожлантириш ва кейинчалик ишлаб чиқаришга йўналтирилган иккинчи Ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Иккинчи келишув Саудия томонининг Ўзбекистон энергетика комплексига кейинги беш йил давомида 10 миллиард доллар сармоя киритишини назарда тутади. Унинг доирасида қатор истиқболли йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган, жумладан:
👉 қайта тикланадиган энергетика соҳасида ҳамкорликни давом эттириш — шамол ва қуёш энергиясига асосланган ишлаб чиқариш, шунингдек, электр энергиясини ишлаб чиқариш учун қуёш энергиясининг консентрланган лойиҳалари;
👉 табиий газдан ёқилғи сифатида фойдаланиладиган ишлаб чиқариш лойиҳалари, хусусан, газ турбиналари асосидаги эстродиол электр станциялари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш;
👉 тармоқ барқарорлигини таъминлаш учун электр энергиясини сақлаш ва тўплашнинг энг замонавий технологияларидан фойдаланишга қаратилган лойиҳалар, гидроэлектр станциялари негизида сақлаш станциялари учун;
👉 энергетика соҳасида қўлланиладиган асбоб-ускуналар, эҳтиёт қисмлар ва хизматлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва қўшма илмий ишланмалар соҳасида ҳамкорлик.
Учала келишувнинг амалга оширилиши 12 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Айни пайтда ACWA Power компанияси Ўзбекистонда умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган бир нечта электр станцияларини қурмоқда. Булар — Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВтга эга иккита шамол электр станцияси, Сирдарё вилоятида 1,5 ГВт қувватга эга буғ-газ электростанцияси, Қорақалпоғистонда қуввати 100 МВт бўлган шамол электр станцияси.