UzAuto Motors харидоргир автомобилларга буюртмаларни қабул қилишни тўхтатди

MADEINUZBEKISTAN.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

UzAuto Motors дилерлари машҳур автомобиль моделларига буюртмалар қабул қилишни тўхтатди. Бу ҳақда Spot.uz ва Kun.uz ўз манбаларига таяниб хабар беради.

Компания харидоргир моделлар бўлмиш Spark вa Nexia-3 учун шартнома беришни тўхтатди, унинг баъзи дилерлик марказларида Lacetti вa Cobalt автомобилларининг арзонроқ позициялари учун ҳам шартномалар қабул қилинмаяпти.

UzAvtoSavdo_bot маълумотларига кўра, 18 август ҳолатига кўра, биргина Lacetti, Cobalt ва Damas автомобилларини 136 мингдан ортиқ киши кутмоқда. Буюртма қилинган Lacettiни 58,5 минг, Damasни — 42,6 минг, Cobaltни — 36,4 минг харидор кутмоқда.

Расмий равишда компания шартнома асосидаги автомобилларнинг тўхтатилиши билан боғлиқ вазиятга ҳозирча изоҳ бермади.

Охирги марта UzAuto Motors ўтган йил декабрь ойидан – 2022 йил февралигача автомобилларга буюртмалар қабул қилишни расман тўхтатган эди. Бундай қарорга аввалдан буюртма қилинган автомобиллар ишлаб чиқаришга эътибор қаратиш нияти сабаб бўлган. Компанияда маҳсулотлар етказиб беришнинг кечикишига сабаб сифатида портлар ва темир йўл йўналишларидаги логистика муаммолари, шунингдек, яримўтказгичлар етказиб беришдаги узилишлар сабаб қилиб кўрсатилганди.

Февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни бартараф этишни талаб қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ