Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни мамлакатнинг юксак мукофоти – «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беради.
Салмон бин Абдулазиз ушбу мукофотга сазовор бўлган биринчи инсон бўлди, зеро бу орден 15 август куни таъсис этилган. У билан илм-маърифатни ривожлантириш, ислом олами мутафаккирлари меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари учун олимлар, тадқиқотчилар, адиблар, шунингдек, хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари мукофотланади.
18 август куни президент Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташрифи чоғида муқаддас Макка шаҳрида ҳам бўлиб, умра амалларини бажарди.
«Давлатимиз раҳбари динимиз арконларига мувофиқ эҳромга кириб, намоз ўқиди, талбия айтиб, Масжидул Ҳарамга борди. Маълумки, Каъбатуллоҳнинг ичига кириш мусулмонлар орзу қиладиган улуғ шарафдир. Президент ана шундай шарафга муяссар бўлиб, Каъбатуллоҳнинг ичида намоз ўқиди. Сўнг, Байтуллоҳ атрофида етти бор тавоф, Сафо ва Марва тепаликлари орасида еттита саъй қилинди. Мамлакатимиз делегацияси аъзолари, уламо ва зиёлилар билан биргаликда юртимизга тинчлик ва тараққиёт, халқимизга саломатлик ва фаровонлик тилаб дуолар ўқилди», — деб ёзади Мирзиёев матбуот хизмати.
Муқаддас Макка зиёрати Ўзбекистон президентининг сўнгги 30 йил ичида Саудия Арабистонига биринчи ташрифи дастурининг якуний нуқтаси бўлди. Ўзбекистон делегацияси муқаддас шаҳардан Жиддага қайтиб, у ердан Тошкентга учиб кетди.
-
Олий даражали Имом Бухорий ордени ва Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
-
Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашув. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
-
Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Муҳаммад бин Сулаймон Ал-Жассир билан учрашувда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
-
Саудия Арабистонининг ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
-
Умра амалларини бажариш чоғида. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
-
Ўзбек делегациясини кузатиш. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати
Давлат ташрифи доирасида Мирзиёев валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан музокаралар ўтказди. Натижада шериклик муносабатларини кенгайтириш бўйича Қўшма баёнот ва турли соҳалардаги ҳамкорликка оид 15 та ҳужжат қабул қилинди. Ташриф доирасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгаши йиғилишида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ келишув ва шартномалар имзоланди.
Мирзиёев Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) ва Ислом тараққиёт банки (ИТБ) раҳбарлари, Саудия Арабистони ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашувлар ўтказди. Ушбу учрашувларнинг салмоқли натижалари орасида йил якунига қадар ИТБ томонидан Ўзбекистонда 1,6 миллиард долларлик бир қатор лойиҳа ва дастурларни молиялаштиришни таъминлашни назарда тутувчи дастурнинг қабул қилиниши алоҳида ўрин тутади. Ҳозир республикада ИТБ билан ҳамкорликда уй-жой-коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, таълим, сув хўжалиги, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича жами 1,2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.