Uzbekistan Airways Тошкент-Токио-Тошкент ва Урганч-Милан-Тошкент йўналишлари бўйича парвозларни йўлга қўйди. Бу ҳақда авиаташувчи матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон ва Япония пойтахтларини боғловчи биринчи рейс 18 август куни амалга оширилди: Boeing 767 эрталаб Нарита халқаро аэропортига қўнди. Парвозлар ҳафтада бир марта — пайшанба кунлари амалга оширилади.
19 август куни Хоразм вилояти маъмурий маркази халқаро аэропортида Урганчдан Миланга илк парвоз шарафига Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг юзи саналган хонанда Севара Назархон иштирокида байрам тантанаси бўлиб ўтди. Кейин Boeing 767 йўловчиларни Миланнинг Мальпенса аэропортига етказди.
Авиакомпания эслатишича, Uzbekistan Airways Ўзбекистондан Японияга илк рейсларни 2001 йилда Тошкент-Осака-Тошкент йўналиши бўйича амалга ошира бошлаган. Бир неча йил ўтгач, Нарита шаҳрига рейслар қўшилди, улар ҳафтасига икки марта амалга оширилади. Бироқ, 2020 йили COVID-19 пандемияси сабабли Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳаво қатнови вақтинча тўхтатилганди.
Италияга келсак, Uzbekistan Airwaysнинг биринчи самолёти 2000 йили Римга қўнган. Орадан етти йил ўтиб, Тошкент – Милан – Тошкент йўналиши бўйича биринчи рейс амалга оширилди. 2020 йили, шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли мамлакатлар ўртасидаги ҳаво қатнови тўхтатилган эди.