Ўзбекистонда сайёҳлар учун кешбэк – мамлакат бўйлаб саёҳат харажатларининг бир қисмини қайтариш учун электрон платформа яратилди. У 1 сентябр дан иш бошлайди, деб хабар беради Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизмати.
Саёҳат кешбэгини олиш учун қуйидагилар керак:
👉 Soliq.uz мобил иловасини юклаб олиш;
👉 мобил илова хизматидан фойдаланиш учун FaceID орқали шахсни тизимда тасдиқлаш;
👉 саёҳат йўналишини ва бошланиш санасини танлаш;
👉 кешбэкларни йиғиш учун фискал чекларни сканерлаш орқали авиа, темир йўл ёки автобус билетларини иловага киритиш;
👉 саёҳатдан сўнг «Саёҳатни тугатиш» тугмасини босиш ва йиғилган кешбэк суммаларини шахсий маҳаллий банк пластик картасига ўтказиш.
Саёҳат харажатларини қайтариш ҳар бир туристга қуйидаги миқдорларда амалга оширилади:
▶️ авиақатнов орқали бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 150 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
▶️ темир йўлда ёки автобусда бориб-келиш чиптаси нархининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
▶️ жойлаштириш воситасида тунаб қолиш харажатининг 15 фоизи, лекин 80 минг сўмдан ошмаган миқдорда;
▶️ театр, музей, цирк ва бадиий галереяларга ҳар бир ташриф чиптаси нархининг 50 фоизи, лекин 20 минг сўмдан ошмаган миқдорда.
Саёҳат давомида қуйидаги учта шартни бажарган Ўзбекистон фуқаролари кешбэк олишлари мумкин:
👉 фойдаланилган ҳаво, темир йўл ва (ёки) автомобиль транспорти;
👉 меҳмонхоналар, лагерлар ёки бошқа турдаги турар жойларда қолиш;
👉 музейлар, театрлар ва бошқа маданият муассасаларига ташриф буюрган.
Бундан олдин туризмда кешбэк дастурини молиялаштириш учун бюджетдан ташқари Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармасига жорий йилда 30 миллиард сўм (2,6 миллион доллардан ортиқ) маблағ ажратилиши хабар қилинган эди.