Қозоғистон собиқ президентининг укаси Болат Назарбоев ва унинг собиқ рафиқаси Майра Курмангалиевага нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 249-моддаси 1-қисми (босқинчилик) бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда КазТАГ агентлиги сўровига жавобан прокуратура маълум қилди.
20 июнь куни таниқли қозоғистонлик журналист Михаил Козачков Болат Назарбоев ва унинг собиқ рафиқасига қарши жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берганди. Кейинроқ Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) Нурша Какеновдан «Karuan» МЧЖни босқинчилик йўли билан олиб қўйилгани ҳақидаги аризани олганини тасдиқлаб, аризачининг далилларини текшираётганини айтган, бироқ тергов бошланиши ҳақида гапирмаган.
14 июль куни Олмаотада таниқли бизнес тузилмаларини эгаллаб олиш бўйича рейдлар гуруҳи фаолияти тўхтатилгани маълум бўлди. ММА маълумотларига кўра, «жиноятчилар зўравонлик, таҳдид ва шантажни қўллаш орқали мамлакатдаги таниқли тадбиркорларни бизнесни ўз мулкларига бепул ўтказишга мажбур қилишган». Шундан сўнг ОАВ Олмаотада босқинчилик иши бўйича шов-шувли ҳибсга олинишлар Болат Назарбоев билан боғлиқ экани ҳақида хабар тарқатганди.
Январдаги тартибсизликлардан сўнг Назарбоев укасининг ишлари дарз кета бошлаган, чунки бу шахс амалдаги президент «тартибсиз» деб атаган Қозоғистон-Хитой чегарасидаги товарлар оқимининг асосий фойда топувчиси эди. Қолаверса, Болат Назарбоевга тегишли тузилмалар Қозоғистондаги энг йирик улгуржи бозорлардан бири бўлган «Олтин Ўрда»ни назорат қилиш билан шуғулланган, Тўқаев ўтган йил баҳорида ушбу бозорни «тартибга солиш»га буюрганди.