Тошкентда тарбияланувчилар норозилигига сабаб бўлган болалар уйи ёпилди

Мehribonlik.uz сайти фотосурати

Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи ёпилди. Бу ҳақда Mehribonlik.uz хабар беради.

Илгари Меҳрибонлик уйида 5 ёшдан 18 ёшгача бўлган 122 нафар бола тарбияланган. Бугунги кунда 67 нафар тарбияланувчи Оилавий шароитда вояга етаётган бўлса, уларнинг 12 нафари бугун пойтахтда барпо этилган 5та Оилавий болалар уйида улғаймоқда. 50 дан ортиқ ўғил-қизлар васийликка олинган. Олти нафар бола ота-онаси ёки яқин қариндошларига қайтарилди. Кимдир улғайиб, вояга етган, мактабга борган ва болалар уйининг деворларини тарк этган.

Натижада 21-сонли Меҳрибонлик уйида атиги 27 нафар тарбияланувчи қолди. Шу боис, барча болажонлар пойтахтимизда жойлашган 22-сонли Меҳрибоник уйига ўтказилган.

21-сонли Меҳрибонлик уйи бўлса, ўз фаолиятини якунлаган.

Мазкур меҳрибонлик уйи баҳорда, унинг тарбияланувчилари ҳамширага нисбатан норозилик акциясини ўтказгандан сўнг жамоатчилик эътиборини тортганди. Меҳрибонлик уйига Болалар омбудсмани ва Юнусобод туман прокурори бошчилигидаги ишчи гуруҳ ташриф буюрганди. Улар муассасада болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилаётгани, Меҳрибонлик уйига ажратилган катта миқдордаги маблағларни ўғирлангани фош этилганини таъкидлаганлар. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 21-сонли «Меҳрибонлик» уйи директори ишдан бўшатилганди.

Айни пайтда, Ўзбекистон меҳрибонлик уйларини ёпиш Миллий гвардия вазифаларидан бири бўлиб, ўтган йил август ойида президент қарори билан «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчаси, оилавий намунадаги меҳрибонлик уйлари Соғлиқни сақлаш вазирлигига бириктирилган эди. Қарор эълон қилинган вақтда 13 меҳрибонлик уйида 560 нафар бола, 16 та «Меҳрибонлик» уйи ва тўртта болалар шаҳарчасида 1823 нафар бола, 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг нафар ўғил-қиз тарбияланган. 2021 йил декабрь ойига қадар Ўзбекистонда еттита «Меҳрибонлик» уйи ва учта болалар шаҳарчаси ёпилган, 1200 га яқин бола асраб олинган, васийликка олинган ёки яқин қариндошларига қайтарилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ