Россия президенти Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғонни 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитига таклиф қилган. Путин саммитга Сурия президенти Башар ал-Ассадни ҳам таклиф қилган. Эроннинг Tasnim агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, Эрдўғон ва Асад Ўзбекистонда икки томонлама учрашув ўтказиши мумкин.
Яқин кунларда Туркиянинг «Ватан» партияси раҳбари Догу Перинчек делегация таркибида Сурияга боради ва у ерда Асад билан учрашади ва музокаралар ўтказади. Перинчек билан бирга турк делегацияси таркибида бир қанча собиқ вазирлар ва «турк дипломатияси фахрийлари» бор. Иштирокчиларнинг аниқ сони ва делегация таркиби келтирилмаган.
Tasnim хабарига кўра, Туркия делегацияси 12 ўринли махсус самолётда учади ва бу сўнгги ўн йил ичида Туркия аэропортидан Сурия пойтахти Дамашқга (2011 йилдан бери икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейслар амалга оширилмайди) биринчи рейс бўлади. Учрашувда алоқаларни тиклаш, Сурия шимолида терроризмга қарши биргаликда курашиш ва қочқинларни қайтариш масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Агентлик маълумотларига кўра, агар бу учрашув «ижобий» натижа берса, эҳтимол Туркия ва Сурия президентлари Самарқанддаги ШҲТ саммити доирасида учрашишлари мумкин.
Икки давлат раҳбарлари 2011 йилдан бери гаплашмайди. Август бошида Туркиянинг Turkiye газетаси Эрдўғон ва Асад телефон орқали мулоқот қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги бўлажак музокаралар ҳақидаги маълумотни рад этди. Вазир Мевлут Чавушўғли Сурия билан тўғридан-тўғри алоқалар ҳақида энди «гап ҳам бўлиши мумкинмас» деганди.
8 август куни Ражаб Тоййиб Эрдўғон Суриянинг «охирги ҳудуди»ни яқин келажакда террорчилардан тозалаш ниятида эканини маълум қилди. У Туркия Сурия шимолида янги ҳарбий операция бошлашга тайёр экани ҳақида огоҳлантирди. Сурия шимолини қисман назорат қилаётган, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган курд жангарилари ва Сурия расмийлари вазият Туркия томонидан кескинлаши мумкинлигини ҳисобга олиб, мудофаа режасини ишлаб чиқмоқда, деб ёзганди «Коммерсант».