Бир гуруҳ фуқаролик фаоллари АҚШ Адлия вазирлигини Ўзбекистон биринчи президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага Швейцария банкидаги пулларнинг қайтарилишига йўл қўймасликка чақирди.
Мурожаат муаллифлари Швейцария федерал апелляция суди Каримова адвокатларининг пора олаётган пайтда унинг амалда ҳукумат амалдори эмаслиги, лекин лицензия олишга таъсир кўрсатган тадбиркор аёл бўлгани ҳақидаги иддаолари билан рози бўлганидан афсусда эканини билдирдилар. Бу шуни англатадики, судда кўриб чиқилаётган активлар унинг телекоммуникация бизнесидан олинган қонуний даромадидир, деб қарор қилди суд.
«Суд Гулнора Каримованинг ўн йиллар давомида давлат мулозими бўлиб, турли лавозимларда ишлаганини тан олмади. Ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтда Каримова Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси, Ташқи ишлар вазирлигида вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили бўлган», — дейди фуқаролик фаоллари.
Улар Каримова отасининг мансабини суиистеъмол қилган ҳолда кенг кўламли давлат институтлари, жумладан, телекоммуникациялар устидан де-факто ҳокимиятни қўллаганини таъкидлайдилар.
«Ислом Каримовнинг авторитар тузуми даврида коррупция роса авж олган. Мустақил суд тизими ва қонун устуворлиги мавжуд бўлмагани боис ҳокимият мунтазам равишда ўз кучини суиистеъмол қилган, кўпинча маҳаллий ва хорижий тадбиркорлардан пора олган.
Агар бирон бир суд Каримованинг телекоммуникация соҳасида ҳукумат амалдори сифатидаги ролини тасдиқловчи далил йўқ ёки у бу ролдан телекоммуникация соҳасидаги ҳукумат қарорларини белгилашда фойдаланган, деган ҳулосага келган бўлса, бу Швейцария томонидан тергов ўтказилишини талаб қилувчи адолатнинг қўпол равишда бузилганидан далолат беради. Чунки суднинг бу қарори унинг ҳалоллиги ва профессионаллигига шубҳа уйғотади», — деб ҳисоблайди АҚШга мурожаат муаллифлари.
Фаолларнинг эслатишича, Швейцария қонуни, жумладан, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши бўлган федерал қонун сиёсий таъсирга учраган шахсларни (PEP) белгилайди: «Ушбу қонунга кўра, PEPs – бу «хорижий давлатнинг муҳим давлат вазифаларини ишониб топширган шахслардир». шунингдек, «сиёсий салмоққа эга шахсларнинг оила аъзолари ва яқин ёрдамчилари — бундай ваколатларга эга бўлган шахслар билан яқин алоқадор шахслардир».
«Ушбу қарорлар [активларнинг бир қисмини Каримовага қайтариш] бутун дунё бўйлаб коррупцияга қарши курашда биринчи ўринда туриши керак бўлган Швейцариянинг халқаро обрўсига ҳам путур етказади. Швейцария нафақат ноқонуний мулклар учун манзил ва бошпанага айланган, балки унинг суд тизими қарорлари бу ҳолатни қонунийлаштириб, мамлакатни йирик коррупция ва пул ювишга шерик қилиб қўяди», — дейди Ўзбекистон фуқаролик жамияти вакиллари.
Улар АҚШ Адлия вазирлигига мурожаат қилишга қарор қилишди, чунки 2015 ва 2016 йиллари ушбу тузилма Гулнора Каримованинг телекоммуникация компанияларидан пора олиш йўли билан олган активларини мусодара қилиш бўйича иккита фуқаролик даъвоси билан мурожаат қилган ва 2019 йили АҚШ Адлия вазирлиги унга нисбатан пул ювиш айблови бўйича жиноий иш қўзғатган.
«Шунинг учун биз АҚШ Адлия вазирлигини Швейцария суди Гулнора Каримовага қайтаришга қарор қилган суммани мусодара қилиш ва шу орқали ўғирланган мол-мулкнинг ўғирланган шахсга қайтарилишига йўл қўймаслик учун ушбу даъволарни қўллашни ва керак бўлса, янги даъволарни қўзғатишни сўраймиз», —дейди мурожаат муаллифлари.
Мурожаатни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми директори Умида Ниёзова, Central Asia Due Diligence директори Алишер Илҳамов, Ольстер университети докторанти Дилмира Матёқубова, фуқаролик фаоллари Фарида Шарифулина ва Азимбай Атаниязов, сиёсатшунос Алишер Таксанов, фотомухбир Тимур Карпов, журналистлар Улуғбек Ашур, Шоҳида Тўлаганова ва Қудрат Бабаджонов имзолаган.
Мурожаат нусхалари Швейцариянинг қатор давлат идоралари – Бош прокуратура, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Федерал кенгашга ҳам юборилган.
Европа давлатларида Гулнора Каримовага алоқадор компанияларнинг жиноий фаолияти юзасидан тергов 2012 йилда бошланган. Жиноий схема как TeliaSonera, Vimpelcom, Alfa Telecom, МТС каби хорижий телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига кириш эвазига катта миқдорда пулларни ноқонуний равишда олишдан иборат эди. Кейинчалик бу маблағлар чет элда, асосан Швейцарияда ювилган. 2018 йили Швейцария Каримовани айбдор деб топди ва Швейцариянинг иккита банкидаги бешта ҳисобидаги 555 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилишни буюрди.
Ўзбекистонда Каримова давлат маблағларини ўзлаштириш ва товламачилик бўйича учта жиноий иш бўйича судланган. Учинчи жиноий иш бўйича у 13 йилу тўрт ойга озодликдан маҳрум этилди. Ҳозирда Каримова гулнора Тошкент вилояти Зангиота туманидаги аёллар колониясида жазо ўтамоқда.
2020 йил май ойида Франция Каримованинг 10 миллион доллар миқдоридаги активларини Ўзбекистонга қайтарди, 2022 йил августида Швейцария Ўзбекистон билан 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишувни маъқуллаган.
2021 йил декабрида Швейцария федерал жиноий суди 70 миллион долларга яқин музлатилган маблағларни Каримова назоратидаги Takilantга қайтаришни буюрди, чунки тергов бу активлар жиноят натижасида қўлга киритилганини аниқлай олмади. 2022 йил июлида Швейцария суди Каримовадан 293 миллион доллар мусодара қилинишини бекор қилди ва бу қарорлар Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти фаолларининг АҚШ ҳукуматига мурожаат қилишига сабаб бўлди.