Қозоғистон халқи ассамблеяси (ҚХА) Украинанинг республикадаги элчиси Петро Врублевскийнинг россияликларни ўлдирилиш кераклиги ҳақидаги сўзларини қоралади. Тегишли мурожаат 23 август куни Ассамблея сайтида пайдо бўлди.
«...Биз Украинанинг Қозоғистон Республикасидаги элчиси жаноб Петр Врублевскийнинг қозоғистонлик блогерлардан бирига берган интервьюсида айтган сўзларини кескин қоралаймиз ва бу фикрларни қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблаймиз.
Тинчлик ва ҳамжиҳатлик давлат сиёсати ва жамиятни мустаҳкамлашнинг асосий тамойиллари бўлган мамлакатимизда бундай баёнотлар кимдан бўлишидан қатъи назар, қабул қилиб бўлмайдиган ва номақбулдир. Дипломатия нафрат ва адоват уйғотмаслиги эмас, тинчлик ва ҳамкорлик ғояларига хизмат қилиши лозим.
Кўп миллатли Қозоғистоннинг ягона халқи учун дўстлик, ўзаро ёрдам ва тинчлик тамойиллари мустаҳкамдир. Мустақиллигимизнинг энг оғир йилларида ҳам миллатлараро низоларга йўл қўймаслик, Ватанимиз, халқимиз яхлитлигини асраб-авайлашда ёрдам берганлар ҳам айнан шу халқ бўлди.
Нафрат тили биз учун бегонадир, миллатлараро адоватни ҳар қандай кўринишда тарғиб қилиш мумкин эмас ва тушунарсиздир.
Биз барча қозоғистонликларни адоват ва ишончсизлик уруғини сочувчи провокацияларга берилмасликка, аксинча, фарзандларимизнинг бугуни ва келажаги йўлида юрт тинчлиги, халқ ҳамжиҳатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга чақирамиз», — дейилади мурожаатда.
Украиналик дипломатнинг имкон қадар кўпроқ россияликларни ўлдириш зарурлиги ҳақидаги сўзлари акс этган видео бир кун аввал, 22 август куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова томонидан эълон қилинганди. Қозоғистонлик блогер Диас Кузайировга берилган мазкур интервью катта шов- шувга сабаб бўлди.
Қозоғистон парламентининг собиқ депутати Владимир Божко прокуратурани ушбу материалнинг ижтимоий тармоқларда тарқатилгани фактини текширишга ва қонунга мувофиқ «уни тайёрлаб, чоп этишга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишга» чақирди.
Ўз навбатида блогер Антон Бударов Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петро Врублевскийни республикада миллий нафрат уйғотишга урингани учун депортация қилишни талаб қилиб, петиция эълон қилди.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ҳам Врублевскийнинг сўзларини текшириш ва уларга ҳуқуқий баҳо беришни топширди.