Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Украина элчисига руслар ҳақидаги гаплари учун норозилик билдирди

t.me/pressmfakz фотосурати

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг республикадаги элчиси Петр Врублевскийнинг россияликлар ҳақидаги баёнотлари учун унга норозилик билдирди, деб хабар беради вазирлик Telegram-канали.

23 август куни Врублевский вазир ўринбосари Эрмухамбет Конуспаев билан учрашди ва унда элчига нисбатан норозилик билдирилди.

Қозоғистон томони бундай баёнотлар қабул қилиниши мумкин эмаслиги ва хорижий давлат элчиси фаолиятига мос келмаслиги юзасидан ўз позициясини билдирди. Бундай ҳаракатлар давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларга путур етказмаслиги керак, дейилади ТИВ баёнотида.

Бунга Украина элчисининг қозоғистонлик блогер Диас Кузаировга берган интервьюсидаги баёноти сабаб бўлди. «Биз уларни имкон қадар кўпроқ ўлдиришга ҳаракат қиламиз. Биз ҳозир қанча кўп русларни ўлдирсак, болаларимизнинг уларни ўлдиришига камроқ иш қолади. Бор гап шу», — деган Врублевский.

Элчининг сўзлари катта шов-шувга сабаб бўлди. Қозоғистон халқи ассамблеяси (ҚХА) элчи сўзларини «қабул қилиб бўлмайдиган ва номақбул» деб атади. Интернетда элчини республикада нафрат уйғотишга урингани учун депортация қилишни талаб қиладиган петиция пайдо бўлди. РФ Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин ҳам Врублевскийнинг сўзларини текшириш ва уларга ҳуқуқий баҳо беришни топширди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ