«Байтерек» миллий бошқарув холдинги ва «Сбербанк» гуруҳи ўзининг Қозоғистондаги шўъба корхонаси улушини тўлиқ сотиш ва сотиб олиш бўйича битим имзолади, деб хабар беради холдинг матбуот хизмати.
«Сбербанк» мавжуд геосиёсий вазиятдан келиб чиқиб, шўъба банк мижозлари манфаатларидан келиб чиқиб, Қозоғистон бозоридан чиқишга қарор қилган.
««Сбербанк Қозоғистон»ни сотиб олиш тўғрисида қарор қабул қилар экан, «Байтерек» холдинги унинг мамлакат молия тизими учун муҳимлигини юқори баҳолади. Банкка тегишли бўлган замонавий инфратузилма ва технологиялар банкка қисқа вақт ичида тўлақонли ишга қайтиш ва Қозоғистон иқтисодиётининг реал секторини молиялашни бошлаш имконини беради», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, банк мижозлар олдидаги барча мажбуриятларини бажаришда давом этади. Мавжуд мижозларга банк маҳсулотлари учун барча шартлар ўзгаришсиз қолади. Кредит ташкилотининг жамоаси ҳам ўзгаришсиз қолади.
Томонлар келишувни яқин вақт ичида якунлашни режалаштирмоқда. Оммавий ахборот воситалари «Сбербанк Қозоғистон»нинг май ойидаёқ «Байтерек» давлат холдингига сотилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди.
Бундан олдин Қозоғистоннинг иккита банки — Jusan Bank ва Forte Bank Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар туфайли «Сбербанк»нинг маҳаллий шўъба корхонаси мижозларидан тенгедаги тўлов ва ўтказмаларни қабул қилишни тўхтатганди. Россия ВТБ ва Алфа-Банкнинг Қозоғистондаги шўъба корхоналари ҳам ушбу санкциялар таъсири остида қолди. Май ойида «Альфа-банк Казахстан» «ЦентрКредит» банкни сотиб олди. Мулк эгаси ўзгаргандан сўнг, ушбу кредит муассасаси ўз номини Eco Center Bankга ўзгартирди. Август ойи бошида «ЦентрКредит» ва Eco Center Bankни бирлаштиришга қарор қилинди.