Қашқадарё вилоятида яшовчи XVIII асрда қурилган «Кунжулитепа» археологик ёдгорлигини вайрон қилгани учун ҳибсга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Ёдгорлик Яккабоғ тумани, Дархон маҳалласи ҳудудида жойлашган бўлиб, аҳоли пункти қолдиқларидан иборат бўлган. 2019 йили у маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. Маҳаллада яшовчи Р.О. у ердаги тупроқни сотиш орқали ёдгорликни аста-секин вайрон қилган. Бош прокуратура маълумотларига кўра, у масъул идоралардан бир неча бор огоҳлантиришлар олган, бироқ бунинг таъсири бўлмаган. Натижада Р.О. етказган зарар 47,5 миллиард сўмни (4,3 миллион доллар) ташкил этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 15 август куни Яккабоғ тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 132-моддаси 3-қисми («(Моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш») билан иш қўзғатилган. Ушбу модда беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади. Етказилган моддий зарарни уч баробар кўп миқдорда қоплаш орқали ушбу жазодан қутулиб қолиш мумкин.
Р.О. суд қарори билан ушланиб, қамоққа олинган.
Май ойида Бош прокуратура Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги 108 та маданий мерос объектида қонунбузарликлар аниқлангани ҳақида хабар берган эди. Кўпинча, бу археологик ёдгорликлар ҳудудидаги ноқонуний бинолар қурилиши борасида эди. 44 та объектдаги 63 та ноқонуний бинони бузиш бўйича даъво аризалари судларга юборилди. Масалан, Тошкент вилоятидаги Тепа (Култепа) археологик ёдгорлигининг тупроғидан ғишт тайёрлаш учун фойдаланилган.
Сенатнинг 2021 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 8210 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган бўлиб, шундан 4788 таси археологик ёдгорликлар, 2265 таси меъморий объектлар, 625 таси монументал санъат асарлари, 530 таси бошқа диққатга сазовор жойлардан иборат.