ДХХ ходимлари 2 млн долларни ноқонуний равишда хорижга олиб чиқишга уринган наманганлик фуқароларни қўлга олди

ТЕЗКОР ВИДЕОЁЗУВДАН КАДР

Наманган вилоятида Ўзбекистондан жами 2 миллион доллардан ортиқ пул олиб чиқиб кетмоқчи бўлган Косонсой туманида яшовчи уч нафар фуқаро қўлга олинди, деб хабар беради Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) фаолиятини ёритиб борувчи Xavfsizlik_uz Telegram-канали.

Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан хориж валютасини Қирғизистон орқали ноқонуний олиб ўтиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйиш бўйича кўп босқичли тезкор тадбир ўтказилган.

Дастлаб ўзбек-қирғиз чегараси томон машинада кетаётган 37 ва 30 ёшли икки ака-укани қўлга олинди. Автомобиль салонини кўздан кечириш чоғида ака-укалардан 205,6 минг доллар, яна иккита полиетилен қопда 1,6 миллион доллардан ортиқ пул топилган, жами 1,842 миллион долларга яқин пул мусодара қилинган.

Кейинги ҳибсга олинган шахс 33 ёшли тадбиркор бўлган. Терговчилар унинг машинаси салонини текширган пайтда 167 минг доллардан ортиқ пул топганлар.

«Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида мамлакатимиздан жами 2 миллион 9 минг АҚШ долларини ноқонуний олиб чиқиб кетишнинг олди олинди. Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади ДХХ хабарида.

Бундан олдин махсус хизмат чет элга валютани ноқонуний олиб чиқишга уринишлар ҳақида бир неча бор хабар берганди. Жумладан, июль ойида Қирғизистонга салкам 300 минг доллар олиб ўтмоқчи бўлган Фарғона вилояти аҳолиси қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Тошкент вилоятида яшовчи аёл жами 90 минг долларни Тожикистонга олиб кетмоқчи бўлган вақтида икки марта қўлга олинган. Февраль ойида Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилоятидан Қирғизистонга 1 миллион 640 минг доллар ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ