Қозоғистон Жаҳон банкидан 345,7 миллион евро миқдорида кредит ажратиш бўйича келишув имзолади, дея хабар беради КазТАГ ташкилот матбуот хизматига таяниб. Маблағлар хусусий секторнинг рақобатбардошлигини ошириш ва COVID-19 пандемиясидан кейин республика иқтисодиётининг барқарор тикланишини таъминлашга йўналтирилади.
Кредит Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан 2021 йил декабрида маъқулланган ва Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йилнинг 2 июлида тегишли фармонни имзолаган.
Кредит дастури рақобатни ривожлантириш, давлат харидлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва бундан буён иқтисодиётни рақамлаштириш ва молия секторини мустаҳкамлаш учун янада самарали муҳит яратишга хизмат қилади.
Кредитни тўлаш муддати 11,5 йил, қўшимча 2,5 йиллик имтиёзли давр.
Жаҳон банки (kapital.kz иқтибос келтирган) маълумотларига кўра, пандемия туфайли юзага келган рецессиядан олдин ҳам Қозоғистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши ресурсларни қазиб олиш ва ҳукумат аралашувига асосланган ривожланиш моделидаги тузилмавий камчиликлар туфайли барқарор равишда секинлашаётган эди. Пандемия ва январь воқеалари оқибатлари адолатли ва барқарор ўсишга эътибор қаратган ҳолда мамлакатни ривожлантириш стратегиясини қайта кўриб чиқиш ва тузатиш имконини беради.
Қозоғистон Жаҳон банки гуруҳига қўшилганидан сўнг ўтган 30 йил ичида молия ва ижтимоий хизматлардан тортиб муҳим инфратузилмагача бўлган соҳаларда мамлакатга кўрсатилган ёрдам миқдори 8,6 миллиард доллардан ошди.