Мирзиёев мулкдорлардан суд қарорисиз мулкни олиб қўйишни тақиқловчи қарорни маъқуллади

АLRF.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб ерга, кўчмас мулкка ёки бошқа турдаги мулкка бўлган мулк ҳуқуқи фақат суд қарори билан бекор қилиниши мумкин. Бу меъёр мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 24 август куни имзолаган фармонда кўрсатилган.

Ҳужжатнинг тўлиқ номи — «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида». Фармонда қатор чеклов ва процедуралар бекор қилинади, жумладан:

👉 эндиликда мулкка бўлган ҳуқуқни қайсидир орган томонидан (простест асосида ҳам) олдин қабул қилинган ҳужжатни бекор қилиш орқали тугатиш мумкин эмас. Агар ҳужжат ноқонуний қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетовнинг маълум қилишича, 2020 йилдан бошлаб ҳокимлар қарорлари билан берилган 2,5 мингдан ортиқ ер участкаларига (101 минг гектар) бўлган ҳуқуқлар охирги ёки юқори турувчи органлар томонидан, шу жумладан прокурор протести бўйича — суд қарорисиз бекор қилинган;

👉 ер участкасига бўлган ҳуқуқдан ихтиёрий воз кечилган тақдирда, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан унга бўлган ҳуқуқнинг бекор қилинганлигини расмийлаштириш лозим. Ихтиёрий рад этиш нотариал тасдиқланиши керак.

«Сўнгги 2,5 йилда 20 543 та ер участкаси (2,6 млн гектар) «ердан ихтиёрий воз кечилганлиги ҳақидаги ариза»га асосан қабул қилинган ҳоким қарори билан захирага қайтарилган»,— деб хабар беради Давлетов;

👉 юридик шахс тугатилиши муносабати билан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг тугатилиши. Эндиликда ер участкалари давлат захирасига қайтарилмайди, балки тугатилаётган юридик шахс муассисларига берилади;

👉 давлат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилганлиги учун компенсация сифатида давлат кўчмас мулк объэктига эгалик ҳуқуқини бериш, кўп қаватли уйлардаги квартиралар бундан мустасно,;

👉 тергов жарайонида гумон қилинувчи ёки айбланувчининг мол-мулкини хатлаш ҳам судлар ваколатига берилган;

👉 уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи ёки мулк эгаси билан қариндошлик алоқалари бўлмаган шахслардан доимий пропискани бекор қилишга розилик олиш.

Адлия вазирлиги раҳбарининг маълум қилишича, 2020 йилдан буён фуқаролик ишлари бўйича судларга шахсни яшаш жойи бўйича пропискадан чиқариш тўғрисида 8954 та даъво аризалари киритилган бўлиб, улардан 7311 таси (82%) қаноатлантирилган.

Фармонда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг бузилиши фактлари рўйхати белгиланди. Улар орасида:

▶️ мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш ёки бошқача ҳар қандай кўринишда мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш;

▶️ мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш;

▶️ хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга, шу жумладан, турар жой бўлмаган кўчмас мулк объектига мулкдорнинг рухсатисиз кириш;

▶️ мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш.

«Мулкдор ёки унинг вакили ўз мулкини ҳар қандай тажовуздан ҳуқуқни бузишга мутаносиб равишда ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасида, шу жумладан, зарурий мудофаа ҳолатида ўзи ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлади», — дейилади фармонда.

Кўчар мулк ўзбошимчалик билан олиб қўйилганда мулкдор таъқиб қилиш орқали уни қайтариб олиши, кўчмас мулкка нисбатан эса унга ўзбошимчалик билан кирган ёки эгаллаб олган шахсни чиқариб юбориш орқали эгалигини тиклаши мумкин бўлади.

«Бу Фармон устида узоқ ишланди, 3 ой ишлаб чиқишга, 5 ой вазирликлар билан келишишга сарфланди. Чунки ундаги янгиликлар жуда жиддий.
Ўйлаймизки, ушбу Фармон мулк ҳуқуқини юксак қадрият сифатида давлат органлари тизимида тўлиқ рўёбга чиқаришга катта ҳисса қўшади ва мулкий ҳуқуқларнинг давлат томонидан кафолатланишига бўлган ишончни мустаҳкамлайди», — деб изоҳлайди Русланбек Давлетов.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ