25 август куни Ўзбекистонда биринчи болалар ҳосписи очилди. У Зангиота ихтисослаштирилган кўп тармоқли шифохонасида жойлашган, – дейди Ezgu Amal жамғармаси васийлик кенгаши аъзоси Азиза Умарова. У бундай муассасани ташкил этиш ташаббуси билан чиққан ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Исроил элчихонаси ва Шеба клиникаси ҳамкорлигида ушбу эзгу иш амалга ошган.
Ҳоспис Taskin деб номланди.
«Taskin ўз маъносидан келиб чиққан ҳолда онкологиянинг сўнгги босқичига чалинган болаларга маънавий таскин беради», – дейди Азиза Умарова
У Anhor.uzга берган интервьюсида «ҳосписда даволаниш йўқ. Ҳоспис – даволаш имконсиз ташхисга эга болаларга соф паллиатив кўмак берувчи маскандир», дейди.
«Биз ҳосписни болаларнинг оғриқ ва изтироблар билан эмас, балки боши мулзам бўлмаган ҳолда ёруғ дунёни тарк этишлари учун яратдик. Ҳоспис ўлимга бўлган муносабат бошқача ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатиши лозим», — деб тушунтиради Умарова.
Янги муассаса бунёдкорлари Москвадаги «Маёқли уй» ва «Вера» ҳоспислари фаолиятига таяниш ниятидалар.
Умарованинг айтишича, ҳоспис 20 ўринга мўлжалланган, ҳар бир бемор учун биттадан ҳамроҳлик қилувчи одамга жой ажратилган. Расмийлар ҳоспис учун биноларни бепул тақдим этганлар, палаталар барча зарур нарсалар билан жиҳозланган, ҳар бирида кичикроқ санузел мавжуд.
Умарованинг сўзларига кўра, муассасанинг ташкил этилишида кўнгиллилар катта роль ўйнаган – «ҳоспис атрофида юзлаб одамлар бирлашди. Кимдир пули билан, кимдир ажратган вақти билан».
«Кўнгиллилар ободонлаштириш ишларини олиб боришди, кўчатлар экишди. Бир одам шунчаки кўча айвонидаги пардани тикиб берди, кимдир тагликлар, гиламлар ва ҳоказоларни олиб келишни таклиф қилди», — дейди Умарова.
Ҳукумат ходимлар учун тўлов учун оз миқдорда маблағ ажратди, аммо ҳоспис фаолиятини доимий равишда қўллаб-қувватлаш учун корпоратив ҳомийлар керак бўлади.
«Ҳосписни доимо озода тутиш керак, зеро у катта жойни эгаллайди. Бизга озиқ-овқат билан ёрдам берадиган ҳомийлар керак бўлади, чунки бу масала ҳали ўз ечимини топмаган. 40 кишини (20 боланинг ҳар бирига биттадан қаровчи), шунингдек, ходимларни овқатлантириш лозим. Мунтазам молиялаштиришни талаб қиладиган кўп нарсалар мавжуд. Биз бир вақтнинг ўзида бир йиллик эҳтиёжлар сарфига молиявий кўмак берадиган компаниялар пайдо бўлишини жуда хоҳлаган бўлардик, — дейди Ezgu Amal жамғармаси васийлик кенгаши аъзоси.
Ҳоспис тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач — тахминан икки ой ичида — беморлар ва ходимлар билан ишлаш учун кўнгиллилар керак бўлади.