Гутерриш Тўқаевнинг Олмаотада БМТ минтақавий марказини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлади

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясидаги нутқи чоғида Олмаота шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш минтақавий марказини ташкил этишни таклиф қилди, деб хабар беради «Акорда» сайти.

Офис минтақанинг барқарорлиги ва тинч ривожланишини сақлаш билан шуғулланади. Қозоғистон раҳбари БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан музокаралар чоғида ушбу ташаббусни амалга оширишга тўхталди, Гутерриш уни қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Шунингдек, у Қозоғистон президенти бошчилигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади. Сўнггида давлатимиз раҳбари Антониу Гутерришни Қозоғистонга таклиф қилди», — дейилади хабарда.

Тўқаев БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи давомида, шунингдек, халқаро ҳамжамиятни ташкилотнинг ташкил этилиши чоғида қўйилган фундаментал асосларига таянишга чақирди. «Биз учта энг муҳим тамойил ўртасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишимиз керак: давлатларнинг суверен тенглиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва давлатларнинг тинч-тотув яшаши», — деди у.

Ўтган ёзда Олмаотада Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш марказини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган эди. У «БМТ тузилмаларининг фаол иштирокида» ҳаракат қилиши хабар қилинган эди. Ушбу хаб минтақа давлатларининг саноат, машинасозлик ва қишлоқ хўжалигида қўшма лойиҳалар бўйича ишини бирлаштиришга мўлжалланган.